Ўзбекистон суд тизими ҳам глобал стандартларга мувофиқлашади
Суд тизимини рақамлаштириш ҳақида кўп гапирилмоқда. Бундай амалиётдан жаҳон судларида қандай фойдаланилмоқда? Судларда инсон омилини қисқартириш, сунъий интеллект ёрдамида ишларни ҳал қилиш қанчалик самара беради?

Тошкент шаҳар суди раисининг ўринбосари – иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси Иброҳим Алимов шу ҳақдаги фикрлари билан ўртоқлашди:
– Француз жамоат арбоби Шарль де Голль таъкидлаганидек, ҳуқуқий давлат – фақат қонунларга бўйсунувчи давлат.
Бу тамойил ҳозир ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган. Фақат ҳозирги рақамлашаётган дунёда “қонунлар асосида ишлайдиган ва технологияларни адолат билан ўзаро уйғунлаштира оладиган давлат” тушунчаси кенгайиб бормоқда.
Шу нуқтаи назардан Президентимизнинг 2025 йил 21 августдаги “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони долзарб аҳамиятга эга.
Халқаро илғор тажрибаларга назар ташлайдиган бўлсак, сунъий интеллект суд тизимларида самарадорликни оширишга хизмат қилаётганини кўриш мумкин.
ЮНЕСКО тадқиқотига кўра, ўрганилган 96 мамлакатдан 44 фоизида суд ходимлари сунъий интеллект воситаларидан кенг фойдаланаётгани аниқланган.
Масалан, Хитойда суд ишларини тўлиқ рақамлаштиришга қаратилган “Smart Courts” дастури амалга оширилмоқда. Ханчжоу шаҳридаги “Xiao Zhi” робот-судья хусусий кредит низоларини ҳал қилади, судьяга тез қарор чиқаришга ёрдам беради. Шанхай Олий судида сунъий интеллект тизими суд ишларини таҳлил қилиб, қарорларни башорат қилади, ҳужжатларни 24/7 режимида автоматлаштиради ва электрон далилларни текширади.
Юридик маълумотлар базасида ишга туширилган сунъий интеллект миллий платформаси суд ишларини 30-50 фоизгача тезлаштирган. Миллионлаб ишларни бошқариш имкониятини яратган ҳамда судларнинг юкини камайтириб, шаффофликни оширган.
Ўзбекистонда ҳам судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ҳамда рақамлаштириш, шунингдек, судларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароитлар яратиб бериш бўйича амалий қадамлар қўйилди.
“Рақамли суд” концепцияси асосида ишларнинг юритилиши босқичма-босқич тўлиқ электрон шаклга ўтказилиши бунга кенг имконият яратади.
“Рақамли суд” концепцияси асосида босқичма-босқич суд мажлиси заллари ташкил этилмоқда. Ишда иштирок этувчи шахслар суд биносига ташриф буюрмасдан суд муҳокамаларида масофадан туриб иштирок этиш имкони янада кенгайтирилади.
Концепцияни амалга ошириш доирасида тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга суд жараёнларида ишга доир барча материаллар билан электрон шаклда танишиш имконияти яратилади. Суд харажатлари электрон шаклда ҳисобланади ва тўланади. Ижро варақалари автоматик равишда ижрога юборилади.
Суд ишлари замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда тўлиқ электрон тарзда юритилиши ҳамда сунъий интеллект ёрдамида суд мажлиси баённомалари реал вақт режимида матн шаклида тайёрланиши соҳа ходимларига катта қулайлик яратади.
Ушбу чора-тадбирларнинг асосий аҳамияти шундаки, суд тизимига инновацион технологияларни кенг жорий этиш орқали одил судловнинг даражаси оширилади ва фуқаролар ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилиниши таъминланади.
Хусусан, рақамлаштириш ва сунъий интеллектни жорий этиш бюрократияни камайтиради. Суд ишлари кечикишининг олди олинади ва инсон омилига боғлиқ хатолар минималлашади. Бу эса, ўз навбатида, шаффофликни таъминлайди.
Масалан, электрон мурожаатлар ва интерактив хизматлар фуқароларга суд жараёнларига қулай кириш имконини беради, вақт ва ресурсларни тежашга ёрдам беради.
Фармонда белгиланган чораларнинг амалга оширилиши давлатимизнинг рақамлаштириш бўйича халқаро индексларда, ҳуқуқий хизматларга кириш ва адолат соҳасидаги кўрсаткичлари янада яхшиланишига кенг йўл очади.
Шу билан бирга, таъкидлаш жоизки, бу жараён муваффақиятли бўлиши учун этика ва хавфсизликни инобатга олган ҳолда узоқ муддатли ижтимоий конвергенция, жамиятда ҳуқуқий онг, маданиятни ривожлантириш, шаффоф механизмларни мустаҳкамлаш зарур.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, фармон суд тизимини сунъий интеллект ва рақамли технологиялар ёрдамида замонавийлаштириш орқали одил судловнинг янги босқичи сари қўйилган муҳим қадам бўлди. Шу йўл билан фуқароларнинг адолатга эришиши осонлашади. Соҳада шаффофлик ошади ва коррупция хавфи кескин камаяди. Мамлакатимиз ҳуқуқий тизими глобал стандартларга мувофиқлашади.
Норгул Абдураимова,
ЎзА