Геосиёсий ларзалар, глобал ишонч инқирози ва иқтисодий беқарорлик кучайган бир даврда халқаро ташкилотларнинг саммитлари кўпинча умумий баёнотлар билан чекланиб қолади. Бироқ Озарбайжоннинг Габала шаҳрида ўтган Туркий давлатлар ташкилоти саммити узоқни кўзлаган амалий ташаббусларга бой бўлди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг саммитда сўзлаган нутқи нафақат ташкилот, балки бутун Евроосиё минтақаси учун аниқ, пухта ўйланган ва энг муҳими, прагматик ҳаракатлар дастури сифатида янгради. Ўзбекистоннинг таклифлари шунчаки ташаббуслар йиғиндиси эмас, балки Туркий дунёни маданий-тарихий бирликдан реал иқтисодий ва стратегик кучга айлантиришга қаратилган яхлит дастуруламал сифатида ўртага ташланди.
Давлатимиз раҳбарининг чиқишини диққат билан кузатган ҳар қандай киши бир асосий жиҳатни илғайди: бу таклифларнинг ҳар бири сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган чуқур ички ислоҳотларнинг ташқи сиёсатдаги мантиқий инъикосидир. Президентимизнинг ташкилот доирасида Янги иқтисодий имкониятлар маконини шакллантириш ҳақидаги ташаббуси, аввало, Ўзбекистоннинг ўзида яратилган ва Жаҳон банки каби халқаро институтлар томонидан эътироф этилаётган қулай инвестицион муҳит тажрибасига таянади. Мамлакатимиз иқтисодиётининг қаторасига бир неча йилдан буён 5–6 фоизлик барқарор ўсиши, саноат ва экспорт салоҳиятининг ортиши Ўзбекистонга Туркий давлатлар ташкилоти доирасида ҳам аниқ иқтисодий моделларни дадил таклиф қилиш учун маънавий ва амалий имкон беради.
Нутқда қайд этилганидек, Туркий давлатларнинг иқтисодий шериклик бўйича доимий кенгашини ташкил этиш ва унинг Лойиҳа офисини Тошкентда жойлаштиришга тайёрлик – бу шунчаки мезбонлик истаги эмас. Бу – Ўзбекистоннинг интеграция жараёнларида фақат кузатувчи эмас, балки фаол драйвер, лойиҳалар генератори ва амалга оширувчиси бўлишга интилаётганининг яққол ифодасидир. Машинасозликдан тортиб фармацевтикагача бўлган соҳаларни қамраб олувчи Саноат альянси, савдодаги тўсиқларни бартараф этувчи “Туркий яшил йўлаклар” электрон тизими, “яшил” энергетика бўйича Консорциум каби ташаббуслар бир мақсадга, яъни “хомашё – қайта ишлаш – илм ва технологиялар – тайёр маҳсулот” тамойили асосида тўлиқ қиймат занжирларини яратишга қаратилган. Бу эса Туркий дунё мамлакатларининг жаҳон иқтисодиётидаги ўрнини тубдан ўзгартиришга, хомашё етказувчидан юқори технологияли маҳсулотлар ишлаб чиқарувчига айлантиришга хизмат қиладиган стратегик қадамдир.
Нутқдаги яна бир ўта муҳим стратегик йўналиш – транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқлик масаласидир. Бу ерда гап фақатгина Ўрта коридорни ривожлантириш ҳақида кетмаяпти. Президент Шавкат Мирзиёев бу йўлакни ҳозирда фаол қурилаётган Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли ва истиқболли Трансафғон йўлаги билан боғлаш ғоясини ўртага ташлаб, минтақавий геоиқтисодиёт харитасини бутунлай ўзгартирувчи концепцияни таклиф қилди. Бу – Шарқий Осиёни Европа билан, Марказий Осиёни Жанубий Осиёнинг денгиз портлари билан боғлайдиган кўп тармоқли, синергетик магистраллар тизимини яратиш демакдир. Бу лойиҳа амалга ошса, денгизга чиқиш имконияти чекланган минтақа, аксинча, уч қитъани боғловчи қуруқликдаги асосий кўприкка айланади.
Иқтисодиёт ва транспортдан ташқари, давлатимиз раҳбари хавфсизлик ва “юмшоқ куч” масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Ташқи ишлар вазирлари ва махсус хизматлар раҳбарларининг қўшма учрашувларини ўтказиш таклифи, айниқса биринчисини келаси йили Самарқандда ўтказиш ташаббуси Туркий давлатлар ташкилотининг хавфсизлик соҳасидаги мувофиқлашувини янги босқичга олиб чиқишга бўлган жиддий интилишдир. Шу билан бирга, “Жаҳолатга қарши – маърифат” тамойилини халқаро миқёсга олиб чиқиш, экстремизмга қарши кураш бўйича Ҳаракатлар режасини таклиф этиш орқали Ўзбекистон нафақат иқтисодий, балки мафкуравий соҳада ҳам минтақавий барқарорлик кафолатлари масаласини ўртага ташлади.
Хулоса қилиш мумкинки, Габалада янграган нутқ – бу Ўзбекистоннинг туркий давлатлар билан боғлиқ ташқи сиёсатида янги босқич бошланганидан далолат беради. Агар аввалги йилларда асосий эътибор ички ислоҳотлар ва яхши қўшничилик муносабатларини йўлга қўйишга қаратилган бўлса, эндиликда Ўзбекистон Президенти ўзи илгари сурган ташаббусларнинг самарали натижаси ва ўз ислоҳотларининг муваффақиятли тажрибаси асосида бутун бир минтақавий ташкилот учун барқарор ривожланишнинг муҳим моделини таклиф этмоқда.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ,
Ўзбекистон Миллий университети
таянч докторанти