Шу йилнинг 30 октябрь куни Самарқандда ўз ишини бошлайдиган ва 13 ноябрга қадар давом этадиган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясида ташкилотга янги бош директор сайланади.
Кеча Парижда ўз ишини якунлаган ЮНЕСКО Ижроия қўмитасининг 222-сессияси ташкилотнинг янги бош директори лавозимига мисрлик 54 ёшли Холид Аҳмад ал-Анани номзодини тавсия этди. Овоз бериш жараёнида Холид ал-Анани номзоди ялпи кўпчилик овоз (55 тарафдор ва 2 овоз қарши) олишга муваффақ бўлди.
Холид ал-Анани мисршунос олим, Хелуан университети профессори. Ўттиз йилдан ортиқ вақтдан буён шу ерда дарс беради. У Франциянинг Монпелье шаҳрида жойлашган Поль Валери университетида египтология бўйича фалсафа доктори даражасини олган ва ушбу университетда ҳам дарс берган.
2014-2016 йилларда Миср цивилизацияси миллий музейини бошқарган, 2016 йилдан 2022 йилгача Миср Араб Республикаси қадимий ёдгорликларни муҳофаза қилиш вазири, кейин эса туризм ва қадимий ёдгорликларни муҳофаза қилиш вазири сифатида фаолият кўрсатган. 2024 йил ноябрь ойида Бутунжаҳон туризм ташкилоти томонидан маданий туризм бўйича махсус элчи этиб тайинланган ва кейинчалик Африка бутунжаҳон мероси жамғармаси васийси бўлган.
Холид ал-Анани ўз сайловолди тарғиботини "UNESCO for the People” (“ЮНЕСКО халқ учун”) шиори остида олиб борди. Ташкилотни халқларга янада яқинлаштириш, таълим, маданият ва илм-фан соҳаларига бирламчи аҳамият қаратишга даъват этди. Бош директор лавозимига расман тасдиқланганидан сўнг “Келажак таълими”, “Интеллектуал мерос”, “Биохилма-хиллик”, “Этика ва сунъий интеллект” каби йўналишларга алоҳида эътибор қаратишини маълум қилди.
Холид ал-Анани номзоди 6 ноябрь куни Самарқандда ташкилотга аъзо давлатлар вакиллари иштирокидаги Бош конференция сессиясида овозга қўйилиши кутилмоқда. Бош конференция томонидан сайланганидан сўнг, у ноябрь ойи ўрталарида лавозимига киришади ва амалдаги раҳбар Одре Азуле хоним ўрнини эгаллайди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА мухбири