Президент Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилотининг Габала саммитида туркий дунёнинг бирдамлигини мустаҳкамлаш, жаҳон сиёсати, иқтисодиёти ва гуманитар соҳадаги ролини оширишга қаратилган қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди.
Жумладан:
– минтақавий ва глобал хавфсизлик масалалари бўйича ёндашувларни мувофиқлаштириш мақсадида Самарқандда ТДТ ташқи ишлар вазирлари ва махсус хизматлари раҳбарларининг биринчи қўшма учрашувини ўтказишни таклиф этди;
– Стратегик шериклик, абадий дўстлик ва қардошлик тўғрисидаги шартномани тез фурсатда қабул қилишни қўллаб-қувватлади ва Туркий давлатлар ташкилотини 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш ташаббуси билан чиқди;
– Туркий давлатларнинг иқтисодий шериклик бўйича Доимий кенгашини тузиш ва унинг Лойиҳа офисини Тошкентда жойлаштиришни таклиф этди;
– Янги иқтисодий имкониятлар маконини шакллантириб, Туркий давлатларнинг Саноат альянси, "Туркий яшил йўлаклар" тизими ва "Яшил трансформация" консорциумини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди;
– Органик қишлоқ хўжалиги бўйича Экспертлар гуруҳини ташкил этиш ва туркий органик маҳсулотларнинг ягона брендини жаҳон бозорига олиб чиқишни таклиф қилди;
– Ўрта коридорни ривожлантириш ва уни Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли ҳамда Трансафғон йўлаги лойиҳалари билан боғлашни қўллаб-қувватлади, божхона тартиботини рақамлаштириш ва тарифларни оптималлаштиришнинг муҳимлигини таъкидлади;
– Туркий инвестиция жамғармаси фаолиятини кенгайтириш ва халқаро ва миллий молия институтлари билан ҳамкорлик дастурини қабул қилишни тавсия этди;
– Сунъий интеллект ва креатив иқтисодиёт бўйича “йўл харитаси"ни қабул қилиш ва Туркий дунё халқаро кўргазмасини Ўзбекистонда ўтказиш ғоясини илгари сурди;
– Ўзбекистонда қўшма тадқиқотлар ва инновациялар майдонига айланадиган Туркий давлатлар халқаро университети ташкил этилишини эълон қилди;
– Экстремистик ва радикал мафкурага қарши курашиш бўйича ҳаракатлар режаси ва ёшларнинг экологик саводхонлигини ошириш бўйича қўшма чора-тадбирлар ишлаб чиқишни таклиф этди;
– 2026 йилда "Низомий Ганжавий ва Алишер Навоий ижоди – Туркий дунё маънавий ҳаётида" мавзусида халқаро конференция ўтказиш ташаббусини илгари сурди.
ЎзА