Қашқадарё вилоятининг Муборак туманида яшовчи Бозор Тўхтаев гепатит касаллигига чалинаркан даволанишни бошлади. Шу билан бирга танишларининг тавсиясига кўра, туя сутини ҳам истеъмол қилди. Бир муддатдан сўнг текширувларга бораркан, натижалар ижобий чиқди.
Шундан сўнг бир бош туя сотиб олиб унинг сутини доимий истеъмол қилишни бошлади. Бу ўртада туя сути ичарманлар ҳам кўпайиб қолди.
Бозор Тўхтаев ўйлаб-ўйлаб туячиликни тадбиркорликка айлантиришга қарор қилди. Тижорат банкларидан кредит олиб соғим туялар сонини кўпайтирди. Қарабсизки бир неча йил ичида туялари кўпайиб қолди.
– Фаолиятимизни 2012 йилда бошлаганмиз, – дейди Бозор Тўхтаев. – Аввалига битта, кейин иккита, банкдан кредит олиб яна учта туя сотиб олдик. Ҳозирги кунда бир кунда 8 та туядан 35-40 литрга яқин сут соғиб оламиз. Яна 6 таси туғиш арафасида. Вилоят ҳокимининг кўмаги билан ички туризмни ривожлантириб, туя сути ичиш учун келганларга қулайлик яратиш мақсадида янги маскан қурдик. Авваллари меҳмонлар қатнаб туя сути ичиб кетишган бўлса, ҳозир бемалол шу ернинг ўзида ётиб истеъмол қилиши учун имкон яратилди. Бугунги кунда нафақат вилоятимиз ва қўшни вилоятлардан, балки қўшни республикалардан ҳам меҳмонлар келмоқда. Жами 35 та туямиз бор. Келгусида фаолиятни янада кенгайтиришни мақсад қилганмиз.
[gallery-25623]
Сувсизликка ва очликка чидамли бу жониворлар чорвадорнинг таъкидлашича, касалликларга ҳам чидамли. Озуқа танламайди. Ҳар қандай шароитда яшаб кетаверади. Хўжаликдаги ишларни асосан Бозор бобонинг ўғли Шерзод Тўхтаев юритади. Унинг аёли эса, туяларни соғиш ишларига масъул.
– Туя баҳайбат кўрингани билан аслида жуда босиқ ва беозор жонивор, – дейди Шерзод Тўхтаев. – Ҳар бирининг лақаби билан чақирамиз. Уларга қанча меҳр берсангиз, шунча сизга тез ўрганади. Кичик ёшли фарзандларим ҳам етаклаб кетаверади. Оилавий меҳнат қиламиз. Шукр даромади ёмон эмас. Меҳмонлар ҳам, биз ҳам мамнунмиз.
Таъкидлаш лозимки, Бозор Тўхтаев бошлаб берган туячилик йўналиши бугунги кунга келиб, тумандаги Қорақум маҳалласининг драйверига айланди. Айни пайтда маҳаллада туячиликни ривожлантириш ва шакллантириш мақсадида 55 та хонадон туячилик билан шуғулланиб келмоқда ва уларда 205 та туя парваришланмоқда.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари