Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида янги китоб
Истеъдоли шоир, кўнгил мусаввири Муҳаммад Сиддиқнинг “Мусофир дарахт” номли китоби Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида нашрдан чиқди.
Китобдан шоирнинг сўнгги йиллар ёзган янги шеърлари, кўнгил кечинмалари – дилномалари жой олган.
Атоқли адабиётшунос, Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуров Муҳаммад Сиддиқнинг янги китобига чоғроққина, аммо жуда самимий сўзбоши ёзган.
– Муҳаммад Сиддиқ водий шоирларига хос тиниқ, образли фикрлайди. Юрагида чуқур из қолдирган ҳаётий гапларни ёзади – шеър бўлсин, наср бўлсин, унинг асосий душмани бекорчи, беҳуда сўз, дея ўз фикрини урғулайди олим.
Муҳаммад Сиддиқ таъкидланганидек, сўзни исроф қилмайдиган шоир. У қалб кечинмаларини узундан узоқ тасвирлаб, баён этиб ўтирмасдан, бир қаторгина ёзиб ҳам нуқта қўйиб қўяқолади. Шу биргина сатр – ажойиб бир шеър ўлароқ қалбингизда муҳрланиб қолади. Мана, унинг “Чизги” деб номланувчи шундай шеърларидан бири:
Ҳилол – юрагимнинг тилинган жойи...
Ёки “Қишлоқда” номли икки қатордан иборат ушбу сатрларга эътибор қаратинг:
Узоқ хаёл суриб қолибман чоғи,
Мусича бошимга келтирди хаслар...
Ёки “Қора тош олдида” номли шеърда ўзни фош қилишнинг гўзал сувратини кўринг:
Унга йўлиққанда
кўзим ёш эди,
Гуноҳим бўйнимда,
айбим фош эди.
Уялдим Каъбага тик боқмоқликка,
Найлай, ичим тўла
қора тош эди...
Китобдан жой олган “кўнгил кечинмалар”ини бутун оғирликлари, маҳзунликлари билан қабул қиласиз. У оғриқ ўзга бировнинг эмас, айнан сизнинг дардингиз эканлигини танангизда ҳис қиласиз.
– Кўпинча қишлоқнинг аёллари келиб онамга дардини айтиб ўтирганига гувоҳ бўлардим. Улар қайтаётганида онамга: “Сиз билан гаплашиб енгил тортдим” дер эди. Аммо онам ўша аёлларнинг дарди билан қоларди. Улар кетганидан сўнг маъюс, паришон бўлиб юрарди...
Ахир, бу сизнинг ҳаётингизда бўлиб ўтган ноёб, азиз ва унитилмас лаҳзаларнинг шоир эслатган паришон бир бўлаклари-ку...
Ҳа, Муҳаммад Сиддиқ – кўнгил одами, кўнгил шоири.
Унинг “Мусофир дарахт”ини, албатта, ўқинг. У сизга ўтаётган ҳар бир лаҳза ғаниматлигини, одамийликни, меҳр устига қурилган дунё қанчалар гўзаллигини эслатиб тургувчи мангу ва беғараз қўшиққа ўхшайди.
А.Нарзуллоев, ЎзА