Сўнгги йилларда Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, маъмурий ва давлат бошқаруви самарадорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, юртимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича аниқ тизим яратилган бўлиб, соҳага оид давлат сиёсатининг устувор йўналишлари белгилаб олинган.
Энг муҳими, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширишга қаратилган норматив-ҳуқуқий база тўла шаклланган.
Хусусан, бу борада 2017 йилнинг 3 январда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинган, 2019 йил 27 майда эса “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинган.
Мазкур ҳужжатларда коррупцияга қарши курашишнинг ташкилий-ҳуқуқий, институционал асослари ва тизимни янада такомиллаштириш бўйича асосий вазифалар белгилаб берилди.
Шу билан бирга, 2023 йилнинг апрель ойида умумхалқ референдуми асосида қабул қилинган янги таҳрирдаги конституциянинг 4 та – 93-, 95-, 109- ва 115- моддаларида коррупцияга қарши курашиш соҳасига тааллуқли нормалар акс эттирилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида”ги фармонининг 89-мақсадида коррупциявий омилларни бартараф этиш тизимининг самарадорлигини ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган мақсадли кўрсаткичлар белгиланганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 27 ноябрдаги “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати тизими самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилиниб, ушбу фармон билан 9 та йўналишда 30 банддан иборат коррупцияга қарши курашиш бўйича 2023-2024 йилларга мўлжалланган Давлат дастури тасдиқланиб, қатор вазифалар белгиланди.
Президентимизнинг жорий йил 19 сентябрдаги “Коррупцияга қарши курашиш соҳасида фуқаролик жамияти институтларининг иштирокини янада кенгайтириш ва илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори фуқаролик жамияти институтларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги иштирокини янада кенгайтириш ва бу борадаги илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш борасида янада кенг имкониятлар эшигини очди.
Унда БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси қоидалари, Глобал кун тартибининг Барқарор ривожланиш мақсадларини изчил амалга ошириш, шунингдек, 2025 йил 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг кенгайтирилган йиғилишида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсад қилинган.
Қарорда коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга ошириладиган ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган 5 та устувор вазифа белгиланган. Жумладан, коррупцияга қарши курашиш фаолиятида илмий ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва ролини кучайтириш, соҳадаги натижадорлик ҳамда самарадорликни ҳар бир соҳавий ва ҳудудий кесимда таҳлил қилиш тизимини жорий этиш белгиланган.
Шу билан бирга, қўшма илмий тадқиқотлар олиб бориш, илғор тажриба алмашиш, социологик, илмий ва амалий тадқиқотларни миллий ва халқаро грантлар асосида тизимли равишда амалга ошириш вазифаси белгиланган.
Қарорда, шунингдек, ушбу йўналишда фаолият юритувчи олимлар, экспертлар ва тадқиқотчиларнинг ишини илмий-услубий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, улар учун тегишли шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилган.
Шунингдек, БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси қоидаларининг бажарилишини мониторинг қилишга ННТлар жалб этилиб, улар томонидан муқобил баҳолаш тизими йўлга қўйиш белгиланган.
Жамоат ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш йўналишидаги лойиҳаларига ҳар йили 10 миллиард сўм миқдорида грантлар ажратиш ва ижтимоий буюртмалар бериб бориш режалаштирилган.
Бунда ушбу мақсадлар учун маблағлар Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондига ажратилган маблағларнинг йил давомида иқтисод қилинган қисми ҳамда Агентлик томонидан ташкил этиладиган рейтинг баҳолаш натижаларига кўра “қониқарсиз” деб топилган давлат органлари ва ташкилотларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ажратиб борилиши назарда тутилган.
Шу билан бирга, Агентликнинг ижтимоий буюртмаси асосида соҳалар ва ҳудудлар кесимида маиший коррупция ҳолатларини келтириб чиқарадиган омиллар ва унга фуқароларнинг муносабатини ўрганиш мақсадида ижтимоий сўровлар ўтказиш ҳам асосий чора-тадбирлар сифатида белгиланган.
Қайд этиш керакки, коррупцияга қарши курашиш соҳасида фуқаролик жамияти институтларининг иштирокини янада кенгайтириш, унга қарши курашиш муаммолари бўйича минтақавий тадқиқот маркази фаолиятини самарали ташкил этиш юзасидан 13 банддан иборат “Йўл харитаси” тасдиқланган. Унда асосий эътибор коррупцияга қарши курашишда нодавлат ташкилотлар иштирокини янада кучайтириш, соҳага йўналтирилган минтақавий тадқиқот марказини ташкил этиш, марказ фаолиятини услубий ва амалий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳамда унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш масалаларига қаратилган.
Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида коррупцияни олдини олишнинг норматив-ҳуқуқий, ташкилий-амалий ва институционал асослари яратилган бўлиб унинг самараси ўлароқ жамиятда коррупцияга нисбатан кескин ҳамда муросасиз муносабат шаклланмоқда.
Шу билан бирга, бугунги кунда ушбу соҳада амалга оширилаётган трансформацион ўзгариш ва янгиланишларни изчил ҳамда фаол давом эттириш талаб этилмоқда. Айниқса, коррупцияга қарши курашишда нафақат давлат органи ёки ташкилот раҳбари шахсий намуна кўрсатиши, балки унга қарши курашишда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари биринчи навбатда ташаббускор бўлиши зарурлигини ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.
Шу боис, коррупцияга қарши курашиш борасидаги ислоҳотларни изчил ва тизимли давом эттирган ҳолда, фуқаролик жамияти институтлари, ОАВ вакиллари ва кенг жамоатчиликни жалб этиш орқали ушбу иллатга қарши курашда самарали ва таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш олдимизда турган муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
Адҳамжон Узоқжонов,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази
Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси.
ЎзА