Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Улуғбек Саъдуллаев Хоразмда иссиқхона фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказди.
Қишлоқ хўжалиги Хоразм вилояти иқтисодиётининг энг йирик тармоқларидан бири бўлиб, соҳада маҳсулотлар экспорти йилдан- йилга ортиб бормоқда. Бунда иссиқхоналар фаолияти муҳим ўрин тутади. Айни пайтда вилоятда 281 та тадбиркорлик субъекти жами 500 гектардан ортиқ майдонда иссиқхона хўжалиги билан шуғулланмоқда. Улар жорий йилнинг шу давригача 31 минг тоннадан ортиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирди.
Боғот туманидаги иссиқхонада ташкил этилган тадбир аввалида республика солиқ қўмитаси ҳамда вилоят мутасаддилари тадбиркорларга берилаётган солиқ имтиёзлари ва қўшимча имкониятларни батафсил тушунтириб ўтди.
Хусусан, солиқ қарзини тўлаш муддати 2028 йил охиригача кечиктирилиши, олинган даромад жами даромаднинг камида 60 фоизини ташкил этса, ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоиздан 1 фоизга туширилиши каби янгиликлар тадбиркорлар томонидан илиқ кутиб олинди.
– Иссиқхона хўжаликлари бўйича ер солиғи, ер фонди тоифасидан қатъий назар, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун белгиланган солиқ ставкалари, ғалла ва пахтадан ташқари, қўшилган қиймат солиғининг “ноль” ставкаси жорий қилинди, – дейди вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Саидов. – Бунинг ҳисобига, вилоятда 2,1 миллиард сўм яъни 1,8 фоиз маблағлар, ижтимоий солиқ ставкалари бўйича 2,6 миллиард сўм, яъни 3,5 фоиз маблағ хўжаликлар ихтиёрида қолади. Шунингдек, 179 та иссиқхонанинг солиқлардан мавжуд 8,4 миллиард сўм қарзларининг тўлов муддатлари узайтирилади ва 24,3 миллиард сўм жарималар ҳисобдан чиқарилади.
Тадбирда таъкидландики, айни дамда вилоят бўйича 67 та фаолият кўрсатмаётган иссиқхона мавжуд. Қарийб 106 гектар майдонда жойлашган объектларни қайта ишга тушириш юзасидан “Йўл харитаси” тасдиқланган. Келгуси йилдан бошлаб вилоятимизда иссиқхоналарда етиштириладиган маҳсулотлар ҳажмини 45 минг тоннага етказиш режалаштирилган. Етиштирилган ҳосилнинг 50 фоиздан ортиғини экспортга йўналтириш баробарида ички бозорда ҳам талабни тўлиқ таъминлаш, айниқса, қиш мавсумида нархларнинг асоссиз ошиб кетишининг олдини олиш чора-тадбирлари кўрилмоқда.
[gallery-25607]
– Ўн гектар иссиқхонамиз бор, – дейди “Боғот Сити” фермер хўжалиги раҳбари Ҳусанбой Авезов. – Қозоғистон, Россия каби давлатларга помидор ва бодринг экспорт қиламиз. Етмишдан ортиқ ишчи ишлаяпти. Ҳар йили газ ва электрдан қарзинг бор, деб ҳисоб рақамимизга тақиқ қўйиларди. Президентимизга минг раҳмат. Мана бу йилдан бошлаб иссиқхонамиз учун газнинг олдиндан тўловини 100 фоиз эмас, 50 фоиз тўлаяпмиз. Айрим қарзларимизни ҳам 2028 йилгача кечиктиришди. Эндиликда иссиқхонамизни тўлиқ ривожлантириб, экспорт ва халқимиз дастурхони учун маҳсулотларимизни кўпайтирамиз.
Мулоқот жараёнида тадбиркорларнинг фаолиятида учраётган муаммо ва таклифлар тингланиб, қатор муаммоли масалалар жойида ижобий ҳал этилди. Айрим масалалар юзасидан эса мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилиб, уларнинг ижроси қатъий назоратга олинди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/aAkqSFw1gI4" title="Xorazmda issiqxonalar faoliyati rivojlanadi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари