Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар инсонлар учун ахборот алмашишдан ташқари, ўзини намоён этиш, бизнес юритиш ва турли соҳаларда янгиликлар яратиш учун ҳам муҳим майдон бўлиб хизмат қилмоқда. Аммо, афсуски, бу платформаларнинг яна бир томони бор. Оила, шахсий ҳаёт ва энг нозик муносабатлар очиқ муҳокамага сабаб бўлиб, бу жараён кўпинча ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини икки қутбга ажратади. Масалан, машҳур инсонларнинг ажрими, унаштирувининг бузилиши ёки бошқа оилавий можаролари минглаб, ҳатто миллионлаб одамлар томонидан муҳокама қилинади. Бу ҳолат инсонларнинг ўз шахсий ҳаёти билан шуғулланиш ўрнига, бегона инсонларнинг шахсий ҳаётига қизиқишини оширади. Шунингдек, кўпчилик ўзини “адолат фариштаси” каби тутиб, тарафкашлик қилади ёки маълум томонларни қоралайди.

Инсон табиатида бошқаларнинг ҳаётини кузатиш, уларнинг муаммоларини муҳокама қилиш қизиқиш уйғотади. Бу қизиқиш кўпинча шахсий ҳаётидаги муаммолар, норозиликлар ёки зерикиш ҳиссидан келиб чиқади. Ижтимоий тармоқлар эса бундай қизиқишни янада кучайтириб, бегона ҳаётларга кириб бориш имконини яратади. Бироқ, муаммо шундаки, инсонлар кўпинча тўлиқ маълумотга эга бўлмасдан, ҳолатни нотўғри талқин қилади ёки ўз томонларини ҳимоя қилиш учун асоссиз фикрлар билдиради.

Тармоқларда фикр билдириш осон бўлиб қолгани учун кўпчилик ўз сўзларининг оқибатини ҳар доим ҳам ҳисобга олмайди. Шахсий ҳаётга аралашув, ноаниқ ва нотўғри маълумотлар тарқатиш кўплаб зарарли оқибатларга олиб келади. Бу нафақат муайян шахслар руҳиятига таъсир қилади, балки жамиятда ишонч ва ҳурмат муҳитини ҳам бузади. 

Ижтимоий тармоқларда вақт ва энергия ғийбат, тарафкашликларга сарфланаётгани, айни пайтда янги ғоялар, ижтимоий лойиҳалар, ижобий ўзгаришлар учун салоҳият йўқотилишига ҳам сабаб бўлиши мумкин. Ўта жўн ва фақатгина оилага тааллуқли бўлган муаммоларни муҳокама қилишга бирлашган инсонларнинг сарфлаган вақти ва энергияси, аслида умумий жамоат масалалари, сайловлар, иқтисодий лойиҳалар, ижтимоий ривожланиш учун сарфланиши мумкин эди. Агар инсонлар шахсий ҳаётдаги ғийбатлардан кўра, жамоат фойдасига ишлайдиган масалаларга қизиқиш билдиришса, бугунги кунда янада кўпроқ ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий тараққиётга эришиш мумкин бўлар эди.

Ҳозирда ҳар бир инсон ўз ҳаётининг махфийлиги ва ҳурмат қилинишини талаб қилишга ҳақли. Жамиятда шахсий ҳаёт ва унга аралашув ҳақида аниқ чегаралар ўрнатилиши лозим. Ўз ҳаётимизга доир муаммоларни очиқ муҳокама қилишни хоҳласак ҳам, бошқаларнинг шахсий ҳаётини ҳурмат қилиш ва шахсий ҳаёти ҳақида ортиқча гапирмаслик мажбуриятимиз бор.

Тармоқларда кенг тарқалган нотўғри фикрлар жамият меъёрларини бузади ва ахлоқий қадриятларни заифлаштиради. Шахсий можаролар оммага кўрсатилганда, ижтимоий тармоқлар орқали икки томонлама бўлиниш ва низолар кучайиши жамоавий бирдамлик камайишига сабаб бўлади.

Ижтимоий тармоқлар инсон ҳаётининг барча жабҳаларига таъсир кўрсатмоқда. Уларнинг ижобий томонлари кўп бўлишига қарамай, шахсий ҳаётга бежиз аралашиш, тарафкашлик ва нотўғри фикр билдириш жамиятнинг руҳиятига ва тараққиётига салбий таъсир қилади. Шу сабабли, ҳар бир фойдаланувчи ва платформа ижтимоий тармоқларнинг салбий оқибатларини камайтиришга интилиши, шахсий ҳаётни ҳурмат қилиши ва жамиятнинг умумий манфаатларига хизмат қилувчи фаолиятга эътибор қаратиши зарур. Фақат шундай ёндашув орқали биз эртанги барқарор ва фаровон жамият қуришимиз мумкин.

Дилдора ДЎСМАТОВА

ЎзА

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Фикр билдиришда масъулият йўқолмоқдами?!