6 октябрь — Бутунжаҳон яшаш жойларини муҳофаза қилиш куни. Мазкур экологик сана 1979 йилда Европада ёввойи фауна ва флорани ҳамда табиий яшаш жойларини муҳофаза қилиш тўғрисидаги Конвенция доирасида тасдиқланган.
Сир эмаски, инсоният ўз ҳаёти ва фаолияти билан табиатга ўзгартирувчи таъсир кўрсатиб келади. Қишлоқ хўжалиги майдонларининг кенгайиши, шаҳарларнинг ўсиши, фойдали қазилмалар қазиб олиниши, заводлар ва бошқа халқ хўжалиги объектлари қурилиши, саноат ривожланиши оқибатида бутун дунёда ўзгараётган ҳудудлар сони йилдан-йилга кўпайиб бормоқда.

Табиат ва инсоният ўртасидаги мувозанатнинг бузилиши оқибатида кўплаб жонзотлар камайиб, қирилиб, йўқ бўлиб кетишмоқда. Маълумотларга кўра, милодий 19 аср давомида Ер куррасида йирик сут эмизувчиларнинг 150 тури ва қушларнинг 139 тури қирилиб кетган. Ҳайвонот оламида йўқ бўлиб кетган турларни эса қайта тиклаб бўлмайди.
Бундан ташқари, табиатга етказилаётган зарар натижасида жуда кўп жонзотлар ўз яшаш манзилларини ўзгартиришга мажбур бўлишади. Бу эса уларнинг кўпайишида, янги манзилига мослашиб кета олишида муаммоларни юзага келтиради.

Айниқса, сўнгги йилларда табиий муҳитга нисбатан босим кескин ортиб бормоқда. Бунинг оқибатида экологик бузилишлар юзага келаётир, кўплаб жонзотлар ўз маконидан айрилмоқда, ўрмонлар камайиб кетяпти, сув ҳавзалари ифлосланиб, сув миқдори кескин камаймоқда. Чўлланиш, қурғоқчилик кенгайиб боряпти. Бу ўсимлик ва ҳайвонот оламига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Бу каби муаммолар эса инсониятдан атроф-муҳитга, жонзотларга нисбатан масъулиятлиликни ва амалий саъй-ҳаракатларни талаб этади. Табиатни борлигича асраб-авайлаш зарурлигини эслатади. Зеро, Ер сайёрасининг мувозанатини сақлашда ҳар бир табиат неъматининг ўз ўрни бор. Гўзал табиат яхлитлигини сақлаб қолишда унинг ҳар бир бўғинига эҳтиёткорона муносабатни шакллантиришимиз, ҳайвонлар, қушлар, балиқлар, қўйингки, барча жонзотларнинг яшаш жойларини муҳофаза қилишимиз лозим.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА