Халқимиз ёлғиз отнинг донғи чиқиши қийин, деб бекорга айтмаган. Туркий давлатлар ташкилоти ҳам ана шундай ғоя асосида дунёга келган.
1992 йилда ташланган қадамлар бугун янги босқичга чиқди. Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, ташкилот 2009 йилда расман тузилган. 2021 йилдан эса Туркий давлатлар ташкилоти деган ном билан юритила бошланди.
Ўзбекистон дастлабки йилларданоқ туркий ҳамкорлик ғоясининг фаол тарафдори бўлган.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2018 йил Қирғизистондаги саммитда шарафли меҳмон сифатида қатнашди. Шу даврдан Ўзбекистон ташкилотдаги энг фаол давлатлардан бирига айланди.
Энди сўзимиз бошидаги саволга қайтсак. Бу ташкилот бизга нима беради?
Аввало, иқтисодий ўсишга хизмат қилади. Туркий давлатлар ўзаро савдони кўпайтирса, янги бозорлар очилади, иш ўринлари кўпаяди, маҳсулот нархи арзонлашиши мумкин.
Шунингдек, транспорт-логистика тизими яхшиланади. Бу ҳам иқтисод, ҳам маданий алоқалар ўсишида муҳим аҳамиятга эга. Аслида, туркий халқлар бир-бирига яқин. Лекин орадаги масофа ва бошқа жиҳатлар сабаб узоқлашиш бўлганди. Бу ташкилот давлатларни бир-бирига яқинлаштирмоқда.
Энг муҳим жиҳатлардан бири сиёсат. Агар туркий давлатлар ҳамфикр бўлар экан, уларнинг овози дунёда салмоқли кучга айланади.
Шу ўринда баъзи рақамлага тўхталамиз. Мамлакатимизнинг Туркий давлатлар билан савдо айланмаси кейинги олти-етти йилда қарийб икки баробарга ошган. Хусусан, Қозоғистон билан савдо саккиз йил оддин 2 миллиард доллар бўлган, ўтган йилга келиб 4,2 миллиард долларга етган. Туркия билан эса бундай айланма 1,5 миллиард доллардан 3 миллиард долларгача кўтарилди. Озарбайжон ҳамда Қирғизистон билан ҳам савдо ҳажми сезиларли ўсишига эришилган.
Хуллас, Туркий давлатлар ташкилотини фақат йиғилиш учун тўпланиш деб ўйлайдиганлар хато фикр қилади. Аслида бу келажак учун муҳим йўл дегани.
Президент Шавкат Мирзиёев бугун ва эртага Озарбайжоннинг Габала шаҳрида бўлади. У ерда Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдаги саммити ўтади.
Ҳеч муболағасиз, кейинги йилларда Ўзбекистон ташаббуси билан туркий давлатлар ҳамжиҳатлиги анча мустаҳкамланди.
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА шарҳловчиси