Перу пойтахти Лима шаҳрида ёшлар ўртасида ўтаётган жаҳон чемпионатининг биринчи кунида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 2 та бронза медалига мушарраф бўлди.
Дунёнинг 65 давлатидан 460 нафардан зиёд маҳоратли дзюдочи ёшлар қатнашаётган чемпионатнинг илк кунида ўғил болалар -60, -66, қизлар ўртасида -48, -52 ва -57 кг. вазн тоифаларида ғолиб ҳамда совриндорлар аниқланди.

Муросасиз беллашувлар натижасида икки нафар спортчимиз совринли ўринларга эгалик қилди.
Терма жамоамиз аъзоси Лазиза Ҳайдарова -48 килограмм ва Cамариддин Қўчқоров -60 кило оғирликда жаҳон чемпионатининг бронза медалини қўлга киритди.

Саралаш беллашувларини муваффақиятли ўтказган Ҳайдарова бронза медали йўлидаги беллашувда эквадорлик Лаура Васкесни, Қўчқоров эса асли россиялик, ҳозирда Баҳрайн шарафини ҳимоя қилаётган Руслан Полторацкийни мағлубиятга учратди.
Бугун, 6 октябрь куни жаҳон чемпионатининг иккинчи кунида ўғил болалар -73 ва -81 килограммда, қизлар -63 ҳамда -70 килограммда ғолиблик учун кураш олиб боради. Терма жамоамиз аъзоларидан Мухриддин Маърупов ва Иноят Телманов -73 кг.да, Самариддин Муҳибиддинов -81 кг.да, Нигина Сапарбоева -63 кг.да, Хуршида Раззоқбердиева -70 кг.да ўз омадини синовдан ўтказади.
Эслатиб ўтамиз, жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоасининг 16 нафар аъзоси иштирок этмоқда.
Чемпионат 8 октябрга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА