Бугунги мураккаб ва ўзгарувчан геосиёсий шароитда давлат раҳбарларининг жаҳон минбаридан туриб билдирган сиёсий баёнот ва ташаббуслари нафақат муайян мамлакат ташқи сиёсатидаги устувор йўналишларни белгилайди, балки минтақавий ва глобал миқёсдаги истиқболли жараёнга ҳам таъсир кўрсатади.
Шу жиҳатдан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Бош Ассамблеяси 80-юбилей сессиясида сўзлаган нутқи халқаро ҳамжамият эътиборини тортаётган муҳим сиёсий воқелик сифатида алоҳида эътироф этилмоқда.
Мазкур нутқда давлатимиз раҳбари халқаро майдондаги долзарб муаммоларга чуқур стратегик баҳо бериб, уларни ҳал этиш бўйича аниқ ва амалий таклифларни илгари сурди. Бу таклифлар жаҳон ҳамжамиятида тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, минтақавий ҳамкорликни кучайтириш ҳамда глобал инқирозларга қарши самарали ечимлар ишлаб чиқишга қаратилган бўлиб, Янги Ўзбекистон ташқи сиёсий концепциясининг узвий давоми сифатида намоён бўлди, дейиш мумкин.
ЎзА мухбири Президентимиз нутқида баён этилган муҳим сиёсий фикрлар, ташаббус ва таклифларнинг минтақа ва жаҳон ҳамжамияти учун аҳамияти хусусида Тошкент давлат шарқшунослик университети Таҳлилий тадқиқотлар маркази директори, сиёсий фанлар доктори, профессор Сайфиддин Жўраевнинг фикрларини ёзиб олди.
– Давлатимиз раҳбари жаҳон минбаридан туриб, халқаро ҳамжамият учун муҳим аҳамият касб этаётган бир қатор умумжаҳон ва минтақавий жараёнларнинг ҳолати ва ривожланиш тенденциялари, уларнинг дунё ҳамжамияти ривожланишига таъсири ҳамда кўламини Марказий Осиё нуқтаи назаридан келиб чиқиб, стратегик таҳлил қилган ҳолда сиёсий баҳо берди. Шунингдек, мавжуд муаммоларни ечиш бўйича ўзининг қатор ташаббус ва таклифларини илгари сурди.
Биринчидан, Президентимиз бугунги халқаро вазиятга стратегик баҳо бераркан, дунё шиддат билан ўзгараётган мураккаб глобал вазиятда экани ва мутлақо янги хавотирли геосиёсий воқелик вужудга келаётганини таъкидлаб, халқаро институтларнинг ўрни ва роли заифлашаётгани, қарама-қаршилик, низо ва урушлар кучайгани, технологик ва ижтимоий тенгсизлик кескин ошиб бораётгани, иқтисодий ва гуманитар инқироз ортиб бораётганига алоҳида урғу берди.
Ўзбекистон етакчиси айни оқимда бу жараёнларни ижобий йўналтириш мақсадида ташкилотнинг фаолияти ва келажагига янгича ёндашиш, асосий платформа сифатида сақлаб қолишга қаратилган “БМТ -80” ташаббуси, Келажак учун пактга қатъий содиқлик саъй-ҳаракатини юксак баҳолаб, универсал нодир халқаро тузулма – Хавфсизлик Кенгашини трансформация қилиш ва унинг таркибини кенгайтириш таклифини илгари сурди.
Ушбу баҳо ва ташаббуснинг сиёсий аҳамияти икки ҳолат билан фарқланади – замонавий хавф-хатарларга қарши самарали курашиш ва ривожланаётган давлатлар манфаатини ҳимоя қилиш.
Иккинчидан, Марказий Осиёни тинчлик, яхши қўшничилик ва шериклик маконига айлантириш бўйича замонавий халқаро сиёсат назарияси ва амалиёти, тартиботи асосида илгари сурилган баҳолар ва тавсиялар ниҳоятда долзарб. Жумладан, Шавкат Мирзиёев Янги Марказий Осиёда саккиз йил олдин бошланган ҳаракатлар бўйича стратегик мақсадга эришилгани, бугунги кунда минтақамизда ёпиқ чегаралар, баҳс ва низолар даври тарихга айланганини таъкидлаши бир томондан, ўзининг сўзида тура олиши, илгари сурган ташаббусларини амалга ошириш бўйича қатъийлиги ва изчиллигини жаҳон сиёсати минбари олдида намоён қилди. Бу борада кейинги йилларда минтақада ўзаро савдо, инвестиция ва транспорт ташуви ҳажми беш баробаргача кўпайгани, қўшма инвестиция жамғармалари, чегара ҳудудларида савдо ва саноат зоналари ташкил этилаётгани, йирик инфратузилма лойиҳалари амалга оширилаётгани ҳақидаги объектив фактлар келтириши айниқса аҳамиятли бўлди.
Учинчидан, Президентимиз Марказий Осиё давлат раҳбарлари Маслаҳат учрашувлари минтақавий интеграцияни чуқурлаштириш йўлида самарали механизмга айлангани ва бу жараённинг сиёсий мантиғи Янги Марказий Осиё шакллантира бошлангани, дея стратегик баҳо бергани алоҳида жаранглади.
Давлатимиз раҳбари сиёсий баҳосиша кўра, минтақамиз ҳамжиҳатлиги, барқарорлиги, ўзига хослиги билан халқаро муносабатлар тизимида алоҳида субъект сифатида тобора мустаҳкам ўрин эгалламоқда. Бу харакатларни қўллаб-қувватлаш, кенгайтириш ва чуқурлаштириш бўйича истиқболли таклифни илгари сурди. Ўлкамиз барча хорижий шериклар билан ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтириши, БМТ тузилмалари билан Марказий Осиёда қатор янги лойиҳа ва дастурлар амалга оширилиши таъкидланди. ECOSOC ва UNCTAD шафелигида Марказий Осиё давлатларининг иқтисодий тараққиёти масалаларига бағишланган халқаро форум ўтказиш, UNIDO билан саноатда “яшил” технологиялар минтақавий хабини ташкил этиш, минтақамизда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, “яшил” макон барпо этиш ҳамда демографик барқарорликка эришиш бўйича дастурлар қабул қилиш, шунингдек Бош Ассамблея Марказий Осиё мамлакатларида минтақавий шериклик ва иқтисодий интеграцияни чуқурлаштиришга қаратилган ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга доир резолюциясини қабул қилиш ташаббуслари ўз вақтидалиги нафақат минтақамиз, балки дунё аҳамиятига эга эканини кўрсатади.
Тўртинчидан, Афғонистон муаммосини замонавий ҳатти-ҳаракатлар асосида ечиш масаласи Президентимизнинг доимий эътиборида. Бу борада давлатимиз раҳбари икки ўта муҳим стратегик баҳо ва муҳим амалий таклифни илгари сурди. Президентимиз таъкидлашича, афғон халқининг тинч ва осуда ҳаётга бўлган интилишини қўллаб-қувватлаш учун халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш зарур. Бу давлат яккаланиб қолишига йўл қўймаслик жуда муҳим. Ушбу ғояни давом эттириб, Афғонистонда йирик иқтисодий ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, ушбу мамлакат орқали халқаро транспорт ва энергетика йўлакларини ривожлантириш бўйича БМТнинг алоҳида резолюциясини қабул қилиш таклифи илгари сурилди.
Бешинчидан, Яқин Шарқ ва Украинадаги зиддият мавзуси ҳам четда қолмади. Айтиш керак, Янги Ўзбекистонинг муҳим хусусиятларидан бири – давлатимизнинг Яқин Шарқдаги вазият бўйича доимий сиёсий муносабати ва муаммони ечиш бўйича амалий таклифлари халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Бу гал Президенимиз нутқида Ғазо секторида тобора кескинлашиб бораётган гуманитар инқирозни эътибордан четда қолдирмаслик, турли ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ва сиёсий музокараларни давом эттириш, БМТ резолюцияларига мувофиқ “икки халқ учун – икки давлат” тамойилини амалга ошириш таклифи билдирилди. Шунингдек, Украина атрофидаги вазият барчани жиддий ташвишга солаётгани, муаммони дипломатик йўллар билан ҳал этиш бўйича юқори даражадаги мулоқотлар бошланганини олқишлаш муҳим стратегик аҳамият касб этди.
Олтинчидан, Ўзбекистон Президенти томонидан хавфсизликни таъминлаш бўйича аниқ конкрет амалий баҳо ва таклифлар ниҳоятда долзарблиги билан ажралиб турди. Бу борада Марказий Осиёда глобал аксилтеррор стратегиясини бажариш бўйича самарали ишлар олиб борилмоқда. БМТнинг Терроризмга қарши кураш бошқармаси билан ҳамкорликда Реабилитация ва қайта интеграция масалалари бўйича Минтақавий Кенгаш тузилган. Давлатимиз раҳбарининг бу тузилма муаммоли ҳудудлардан қайтарилган шахсларни тинч ҳаётга мослаштириш бўйича тажриба алмашиш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилиши ҳамда Терроризмга қарши кураш бошқармасининг минтақавий офисини Ўзбекистонда очиш учун зарур шароит яратишга тайёрлигиитз ҳақидаги баёноти амалийлиги билан аҳамиятли.
Еттинчидан, дунёда глобал транспорт тизимида баъзи муаммолар мавжудлиги сезилиб қолди. Бу муаммолар биринчи навбатда, денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган давлатлар барқарорлигига салбий таъсир кўрсатаётганива масалани қандай ҳал этиш жаҳон ҳамжамияти эътиборини тортмоқда. Ўз навбатида, етакчимиз ушбу муаммонинг конкрет ечимини таклиф этди. Унинг таъкидлашича, халқаро транзит йўлаклари хавфсизлигини таъминлаш ва самарали логистика занжирларини яратиш, шунингдек бу борада “Барқарор ривожланиш мақсадлари учун ўзаро транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлаш” глобал механизмини жорий этиш бугунги куннинг долзаб масаласи бўлиб турибди.
Умуман, Ўзбекистон Президентининг ўз ўрнига эга ягона сиёсий тузилма минбаридан туриб илгари сурган таклифлари, муаммоларни ечиш бўйича стратегик фикрлари нафақат мамлакат ички ислоҳотларига кучли туртки беради, балки минтақавий ва халқаро миқёсда ҳам диёримизнинг нуфузини оширишга хизмат қилади. Айниқса, билдирилган ташаббуслар амалий натижаларга қаратилгани билан аҳамиятли бўлиб, ҳар бир баёнот ёки таклиф ортида аниқ дастур, мақсадли режа ва ишончли ижро механизми мавжуд.
Бу аввало, Президентимизнинг сиёсий дунёқараши ва етук тажрибаси, халқаро вазиятга стратегик баҳо бериши ва фикр юритишидан далолат беради.
Янги Марказий Осиё ғояси жаҳон эътиборига олиб чиқилгани, Янги Ўзбекистон ғояси БМТ минбаридан туриб яна бир бор илгари сурилиши ва кун тартибига айлантирилиши янги тарихимизда амалий сиёсий ёндашув ва стратегик қадам сифатида кўзга ташланди.
Ўткир Алимов ёзиб олди.
ЎзА