БМТ БА 80-сессияси президенти Анналена Бербок душанба куни Олий даражадаги ҳафталикни якунларкан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотини “мулоқот уйи” деб атади.
Ҳафта давомида Бош Ассамблеяда 189 давлатдан вакил, жумладан 124 мамлакат ва ҳукумат раҳбари нутқ сўзлади. Анжуман халқаро ҳамжамият уруш ва иқлим таҳдидидан тортиб, сунъий интеллект ва гендер тенгликкача бўлган мураккаб мавзуларни муҳокама қилишга тайёрлигини кўрсатди.
Ғазо, Украина, Судан – ҳаракатга чақирув
Асосий мавзу тинчлик ва хавфсизлик эди. Бербок давлатларни Ғазодаги бегуноҳ аҳолини ҳимоя қилиш, Украинада тинчлик ўрнатиш, Судандаги аёллар ва қизлар хавфсизлигини таъминлаш учун “кўпроқ ҳаракат қилиш”га чақирди.
– Биз Низом ва халқаро ҳуқуққа қанчалик қатъий амал қилсак, Ташкилот ҳам шунга яраша кучли бўлади, – деди у.
Бербок, айниқса, Фаластин масаласини тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича конференция ва Нью-Йорк декларацияси қабул қилинишини юқори баҳолади:

– Бу қадамлар анча вақт боши берк кўчага кириб қолган масала бўйича “дипломатик силжиш”.
Шу билан бирга нотиқ ҳақиқатни текшириш давом этаётганидан огоҳлантириб, шундай ҳулоса ясади:
– Сиёсий суръатни аниқ қадамларга айлантириш, жумладан зудлик билан ўт очишни тўхтатиш, инсонпарварлик ёрдамини таъминлаш ва икки давлат ечимини амалга ошириш муҳим.
Иқлим инқирози – ХХII асрнинг энг жиддий таҳдиди
Ижобий ишлар қиторида Бош Ассамблея раҳбари ўтган йил қайта тикланадиган энергияга 2 триллион доллар инвестиция киритилганини айтиб ўтди. Фақат кам молиялаштириш иқлим адолати йўлидаги асосий тўсиқ бўлиб қолмоқда.
Бербок 2015 йил қабул қилинган мажбуриятларни бажаришга чақирди ва “Бу хайрия эмас, умумий келажагимизга қўйилган сармоя”, деди.
Сунъий интеллект: Қийинчилик ва имконият
Германиялик дипломат сунъий интеллект бўйича глобал мулоқот муҳимлигига эътибор қаратаркан, бу ресурс “бир неча киши томонидан бошқариб бўлмайдиган даражада кучли”лигини таъкидлади. СИдан тенг ва назорат остида фойдаланишга чақирди.

Гендер тенглик – эркинлик кўрсаткичи
Бербокнинг фикрича, етакчи аёллар Пекин платформаси 30 йиллигига бағишланган тадбирда сўзлаган нутқ ҳафталикнинг илҳомлантирувчи лаҳзасига айланди:
– Агар аёл озод бўлмаса, ҳеч ким озод эмас. Аёл озод бўлса, ҳамма эркин!
Гендер тафовутини бартараф этиш жаҳон ялпи ички маҳсулотига етти триллион доллар қўшиши мумкин.

Бербок БМТнинг 80 йиллиги нафақат нишонланадиган воқеа, балки янгиланиш учун имконият ҳам эканини таъкидлади:
– Бош котибнинг маърузаси, жумладан БМТ бюджетини кўриб чиқиш ва тузилмавий ўзгаришлар бўйича таклифлар янада самарали бўлиб, Ташкилот унумли ишлашига аниқ йўл очади. Бу фақат харажатни қисқартириш билан боғлиқ эмас. Бу устувор масала.
Йиғилиш раиси делегацияларни миллий даражадаги ислоҳотларни муҳокама қилишда давом этиш ва БМТни янада кучлироқ қиладиган жараённи қўллаб-қувватлашга чақирди:
– Ушбу ҳафта биз умумий етакчилик, жамоавий ечим ва чорраҳада тўғри танлов учун ирода топа олишимизни кўрсатди. Келинг, ўтмиш меросидан илҳом олайлик. Бирга бўлсак, ёрқин келажак сари қўрқмасдан, сафимиз бузилмаган ҳолда, биргалашиб дадил интиламиз.
Саидмурод Раҳимов тайёрлади. ЎзА