Болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишнинг институциявий ҳамда ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, болалар манфаатлари ҳимоясини янада кучайтириш, уларни жинсий зўравонликдан ҳимоя қилиш, жиноят процессида гувоҳ сифатида жалб этишнинг аниқ механизмларини белгилаш зарурати юзага келган.
Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлисида “Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун дастлабки тарзда кўриб чиқиш жараёнида шу ҳақда гап борди.
Қонун билан Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларда болаларга нисбатан Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб ножоиз (уятсиз-бузуқ) ҳаракатлар содир этганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда.
Жиноят-процессуал кодексига вояга етмаган гувоҳни ёки жабрланувчини сўроқ қилишнинг бир кун мобайнидаги умумий давомийлигини ҳамда уларни сўроқ қилиш жараёнида қонуний вакилларнинг иштирок этиш тартибини белгиловчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Қонун жиноятларнинг олдини олишга, содир этиладиган жиноятлар учун жазонинг муқаррарлигини таъминлашга, шунингдек, болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Н.Абдураимова, ЎзА