Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Сабине Маҳл билан учрашди.
Унда БМТ Бош Ассамблеяси 80-сессиясининг муваффақиятли ўтказилганлиги ва Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган ташаббуслар халқаро ҳамжамият ривожи учун муҳим эканлиги алоҳида қайд этилди. Ушбу ташаббуслар асосида келгуси режаларни белгилаш ва уларнинг ижросини таъминлаш юзасидан фикр алмашилди.

Ўзбекистоннинг БМТ ва унинг ихтисослашган идоралари билан ҳамкорлигининг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Асосий эътибор Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, гендер тенгликни таъминлаш масалаларига қаратилди.
Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги ислоҳотлар Барқарор ривожланиш мақсадларига тўлиқ мос равишда олиб борилаётгани таъкидланди.

Ҳамкорликни янада кенгайтириш, барқарор ривожланиш бўйича белгиланган миллий мақсадларга эришиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар бўйича парламент эшитувлари жараёнларига БМТ институтларини ҳам жалб қилиш масалалари кўриб чиқилди. Бунда, айниқса, мақсад ва вазифаларнинг ҳудудларда ижро этилишига алоҳида эътибор берилди.
Ёшларнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш жараёнларига фаол жалб қилиш учун келгуси йилда Самарқанд шаҳрида ташкил этиш кўзда тутилган Ёшлар парламентлари глобал форуми доирасида БРМга эришишда парламентлараро ҳамкорлик бўйича III глобал форумни ўтказишга доир истиқболдаги режалар муҳокама қилинди.
Минтақа давлатлари раҳбарларининг 7-Маслаҳат учрашуви доирасида 2025 йил ноябрь ойида Марказий Осиё мамлакатлари аёллари мулоқотининг навбатдаги йиғилишини ўтказиш режалари ҳам кўриб чиқилди. Ушбу формат хотин-қизлар ҳуқуқларини илгари суриш ва уларнинг барқарор ривожланишдаги ролини мустаҳкамлаш соҳасида тажриба алмашиш учун самарали майдон сифатида ўзини намоён этди.
Жорий йилда “Самарқанд марафони – 2025” доирасида “Гендер зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракатлар” кампаниясини бошлаш ташаббуси ҳам муҳокама қилинди. Кампания “Аёллар ва қизларга нисбатан рақамли зўравонликка қарши бирлашинг!”. шиори остида ўтказилади.
БМТ билан биргаликда халқаро экспертлар иштирокида семинар ёки давра суҳбати ташкил этиш, шунингдек, ушбу соҳадаги миллий қонунчиликни такомиллаштириш имкониятларини кўриб чиқиш таклиф этилди.
Н.Абдураимова, ЎзА