Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси эндиликда фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилиш мақсадида "Истеъмолчи мурожаати" ягона ахборот тизимини йўлга қўймоқда.
Хўш, “Истеъмолчи мурожаати” тизими айнан қандай муаммоларни ҳал қилишга қаратилган?
Нима учун айнан ҳозир бу тизимни йўлга қўйиш зарур?
Бу янгилик оддий фуқаро ҳаётига қандай енгилликлар олиб киради?
Ушбу саволлар юзасидан мутахассислар фикрини ўргандик.
—Таҳлилларга мурожаат қилсак, сўнгги 2020-2025 йил давомида қўмитага истеъмолчилардан уй-жой коммунал, транспорт хизматлари, савдо ва умумий овқатланиш, алоқа, молия ва ижтимоий хизматлар ҳамда реклама муносабатлари масалалари юзасидан жами 128 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган, — дейди Рақобат қўмитаси бошқарма бошлиғи ўринбосари Ботир Шарипов. — Қўмита ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан мазкур мурожаатлар мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ўрганилиб, қайта ҳисоб-китоблар амалга оширилди. Тадбиркорлик субъектларига қонунчилик юзасидан тушунтиришлар берилди ҳамда суд орқали 85 фоизга яқини ижобий ҳал этилишига эришилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 30 январдаги "Ўзбекистон - 2030" стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва "яшил" иқтисодиёт йили"да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Рақобат қўмитасига «Истеъмолчи мурожаати» электрон тизимини жорий этиш вазифаси юклатилди.
Мазкур тизим афзаллиги мурожаатлар янада тезкор қабул қилинади, унинг тўлақонли ўрганилиши таъминланади, тегишлилиги бўйича мутасадди ташкилотларга тезкорлик билан йўналтирилади. Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига давлат органларининг аралашуви ҳам камаяди. Иккинчидан, тадбиркорлик субъекти ва хўжалик юритувчи субъект томонидан масала қисқа муддатда ҳал этилишига эришилади ва онлайн мурожаатларни ҳал этиш бўйича корхоналарнинг рейтинги шакллантириб борилади.
Қўмита томонидан истеъмолчиларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш самарадорлигини оширишга қаратилган ушбу фармон ижроси юзасидан “Fair tech” ягона ахборот тизимини яратиш юзасидан бугунги кунда ишлар бошланган ва 2025 йилнинг 1 декабридан бошлаб янги тизим ишга туширилади.
«Истеъмолчи мурожаати» электрон тизимининг афзалликлари шундан иборатки, онлайн тушган ҳар бир мурожаатнинг йўналишлари аниқ бўлади. Соҳалари бўйича мутасадди идора ва ташкилотларга йўналтирилади ва уларни ўрганиш ҳолатлари қўмита ҳамда барча вазирлик ва идоралар томонидан қатъий назоратда бўлади, мониторингини олиб боришга ҳам имконият туғилади. Бу билан тадбиркорлик субъекти ва хўжалик юритувчи субъект томонидан масала қисқа муддатда ҳал этилишига эришилади. Шунингдек, тизимда корхоналарнинг онлайн равишда мурожаатларни ҳал этаётгани бўйича рейтинги шакллантириб борилади.
Қўмита “Истеъмолчи мурожаати” электрон тизими ва ундан фойдаланиш тартиб-қоидалари юзасидан ўзининг расмий саҳифалари ва тарғибот тадбирлари орқали аҳолига тегишли тавсияларни етказиб боради.
<iframe width="791" height="445" src="https://www.youtube.com/embed/Sv9VvrYsbVU" title=""Iste’molchi murojaati" elektron tizimining afzalliklari nimada?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Нигора Раҳмонова,
Аброр Содиқов (видео), Искандар Исматов (монтаж), ЎзА