Ватанимиз тарихидаги 2 октябрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1864 йил (бундан 161 йил олдин) – генерал Михаил Черняев бошчилигидаги Россия империяси қўшинлари Тошкентни эгаллаш учун ҳужум бошлади. Тошкент девори тўплардан ўққа тутилганидан кейин подполковник Обух икки рота аскари ва тўртта тўпи билан ҳужумга ўтиб, деворнинг бир қисмини тешишга эришди.
Рус аскарлари подполковниклар Обух ва Лерх бошчилигида шу жойдан шаҳарга кириш учун зовурни кечиб ўтишга ҳаракат қилдилар. Аммо Тошкент мудофаачиларининг мардонавор қаршилиги туфайли рус аскарларининг бу ҳаракати синдирилди. Рус қўшинлари 72 зобит ва аскарларидан айрилиб, Чимкентга чекинишга мажбур бўлдилар.
1866 йил (бундан 159 йил олдин) – генерал Николай Крижановский Бухоро амирлигига қарашли Ўратепа қалъасига юриш қилди. Бу қалъада 2,5 соатлар давомида қаттиқ жанг бўлди. Жангда барча қариялар, аёллар ҳам қатнашдилар. Бу ҳарбий жиҳатдан яхши таъминлангаи армияга ҳеч қандай куч эмас эди. Ўратепа босиб олиниб, талон-талож қилинди.
1918 йил (бундан 107 йил олдин) – Туркистон Адлия комиссарлиги “Инқилобий трибуналлар тўғрисида”ги вақтинчалик Низомни тасдиқлади. Низом асосида ўлкада жамоат оқловчилари коллегияси ташкил қилинди. Амалда эса ҳимоячилар коллегиясининг иш юритмаганлиги сабабли маҳаллий аҳоли, асосан, собиқ империя адвокатлари хизматидан фойдаланишда давом этди.
1924 йил (бундан 101 йил олдин) – Бутунхоразм халк вакилларининг бешинчи Қурултойида Хоразмда миллий-ҳудудий чегараланишни ўтказиш тўғрисида карор кабул килинди.
1941 йил (бундан 84 йил олдин) – Тошкентдаги Ўрта Осиё Бош музейи (ҳозирги Ўзбекистон тарихи давлат музейи) фондидан Ўрта Осиё хонликлари сулолаларига оид 100 га яқин олтин, кумуш тангалар, тилладан ясалган заргарлик буюмлари, кумушдан ясалган 40 га яқин ноёб ёдгорликлар – ҳаммаси бўлиб 5–6 кг тилла ва кумуш буюмлар ҳозирги Санкт-Петербургдаги Эрмитаж музейи ходимининг иштирокида Тошкентдан Россияга олиб кетилди.
1959 йил (бундан 66 йил олдин) – “халқ душмани” деб қораланган машҳур шоир, адиб, маърифатпарвар Исҳоқхон Ибрат (1862–1937) оқланди. Унинг кўплаб қўлёзмалари, ҳали тамомлаб улгурмаган асарлари, тўплаган нодир қўлёзма ва босма китобларининг барчаси 1937 йил 7 январ куни Ички ишлар халқ комиссарлиги ходимлари томонидан тўртта қанор қопга жойланиб ташиб кетилган, ўзи эса халқ душмани тамғаси остида Андижон қамоқхонасига олиб кетилиб, орадан кўп ўтмай 75 ёшида вафот этанди.
1995 йил (бундан 30 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси ва Озарбайжон Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисидаги Протокол имзоланди. 1996 йилдан бошлаб Тошкентда Озарбайжон элчихонаси фаолият юрита бошлади. Боку шаҳридаги Ўзбекистон элчихонаси эса 1998 йилдан эътиборан иш бошлаган. Шуни алоҳида қайд этиш оизки, бу икки қардош ҳалқ бир-бирига яқин. Шу сабабли ҳам икки давлат ўртасида яқин дўстона муносабатлар ўрнатилган.
1996 йил (бундан 29 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Ислом конференцияси ташкилотига аъзо бўлди. Ислом Конференцияси Ташкилоти 1969 йил 25 сентябрда Марокаш пойтахти Работ шаҳрида бўлиб ўтган ислом давлатлари саммитида ташкил этилган. 2011 йил 28 июнда тузилма номи Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти деб ўзгартирилган.
1997 йил (бундан 28 йил олдин) – Андижонда оташнафас шоир, истиқлол куйчиси Абдулҳамид Чўлпон таваллудининг 100 йиллиги кенг нишонланди. Шу муносабат билан шаҳарнинг Сой мавзесида Чўлпон боғи ташкил этилди. Боғнинг марказига унинг ҳайкали ўрнатилди, рамзий қабри барпо этилди. Айни пайтда шоир музейи, маънавият маркази ҳам фаолият кўрсата бошлади.
2007 йил (бундан 18 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Мазкур қонун 6 боб, 30 моддадан иборат.
2012 йил (бундан 13 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси ва Колумбия Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилди.
2017 йил (бундан 8 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Кураш миллий спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2018 йил (бундан 7 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “«Инновацион ғоялар етакчиси» кўкрак нишонини таъсис этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2020 йил (бундан 5 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2024 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Халқаро Меҳнат Ташкилотининг Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси ҳамда ишлаб чиқариш муҳити тўғрисидаги 155-сонли Конвенциясини (Женева, 1981 йил 22 июнь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонуни қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА