Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева Яккасарой туманига амалга оширган ташрифи доирасида бир гуруҳ ўқитувчи ва мураббийлари билан учрашди.
1 октябрь – Устоз ва мураббийлар куни муносабати билан ўтказилган учрашув таълим соҳасида фидокорона меҳнат қилаётган педагоглар фаолиятини эътироф этиш, уларга бўлган ҳурмат ва эътиборни янада мустаҳкамлашга қаратилди.

Сенат Раиси устоз ва мураббийларнинг жамият тараққиётидаги ўрни беқиёс эканини таъкидлади. Шу ўринда уларнинг фидокорона меҳнати, фарзандларимизни билимли, юксак маънавиятли инсонлар ва ватанпарвар этиб тарбиялашдаги хизматлари учун самимий миннатдорлик билдирди.
Суҳбат давомида сўзга чиққан устоз ва мураббийлар мамлакатимизда кейинги йилларда таълим соҳасини ривожлантириш, уни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга эътибор қаратди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан педагогларнинг меҳнат ва яшаш шароитларини яхшилаш, уларнинг касбий мақомини ошириш, ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар амалда ўз самарасини бераётгани алоҳида таъкидланди.
Н.Абдураимова, ЎзА