Эрон исломий кенгаш мажлиси депутати ва “Эрон – Ўзбекистон” парламентлараро дўстлик гуруҳи раиси Жавад Никбин бошчилигидаги делегация Самарқандда бўлди.
Меҳмонларни Самарқанд темирйўл вокзалида вилоят ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов кутиб олди.
Томонларнинг қисқа мулоқоти давомида ўзаро ҳамкорлик алоқалари тобора мустаҳкамланиб бораётгани қайд этилди.
[gallery-25546]
Делегация Самарқанд билан танишувни Амир Темур мақбарасидан бошлади.Темурийлар даври тарихи илм-маърифат, маданият ривожида алоҳида ўрин тутиши баробарида минтақа тараққиётини белгиловчи давр сифатида муҳим аҳамият касб этади. Меҳмонлар мақбара билан танишув давомида ушбу жиҳатларга эътибор қаратди.
Ташриф давомида Эрон парламенти вакиллари Регистон майдони, Амир Темур масжиди, Сиёб деҳқон бозори, Мирзо Улуғбек музей-мажмуаси, Шоҳи Зинда мажмуаси, Хўжа Дониёр зиёратгоҳида бўлиб, халқимиз тарихи, маданияти билан яқиндан танишди.
Шунингдек, делегация Самарқанд шаҳридаги Ўзбекистон-Эрон дўстлик жамияти фаолияти билан ҳам қизиқди.
Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари