Бугунги глобал хавф-хатар ва геосиёсий ўзгаришлар шароитида халқаро минбарларда Марказий Осиё ҳақидаги фикр-мулоҳазалар тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Айниқса, БМТ Бош Ассамблеяси 80-юбилей сессиясида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билдирган таклиф ва ташаббуслар нафақат миллий, балки минтақавий, глобал миқёсда ҳам катта қизиқиш уйғотди.
Давлатимиз раҳбари нутқида Марказий Осиёда барқарорлик, хавфсизлик, иқтисодий интеграция ва ҳамкорликни кучайтириш, экологик муаммоларга барҳам бериш, ёшларни радикал ғоялардан асраш каби устувор масалаларга алоҳида урғу берилди.
ЎзА мухбири мазкур нуфузли йиғинда мамлакатимиз томонидан Марказий Осиё йўналиши бўйича илгари сурилган ташаббуслар хусусида сиёсий фанлар доктори, профессор Фарход Каримов фикрларини ёзиб олди.

– Сир эмаски, бундан саккиз-тўққиз йил олдин Марказий Осиё давлатлари бир-бирига қанчалик яқин кўринмасин, чегара масалалари анчайин муаммоли эди. Вақт ўтиб, ёпиқ дарвозалар очилди, баҳсли, низоли ҳудудлар масаласи ҳал этилди. Бу жараёнда Ўзбекистоннинг қатъий сиёсий иродаси ва ташаббуслари, ҳаракатлари ҳал қилувчи омил бўлди, дейиш мумкин. Масалан, яқинда Хўжандда тинчлик монументи ўрнатилиши ёки Тожикистон – Қирғизистон ўртасидаги чегаравий низо ҳал қилиниши ҳам фикримизга яққол мисол.
Яна бир муҳим қадам сифатида таъкидлаш ўринлики, давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан Марказий Осиё давлат раҳбарлари Маслаҳат учрашувлари ташкил қилинди. Бу анчайин эркин ва очиқ гапириладиган форматда етакчиларимиз қандайдир ташқи учинчи томонлар иштирокисиз минтақа муаммоларига амалий ечим таклиф қилишади.
Қолаверса, минтақамиз ҳамжиҳатлиги дунё ҳамжамияти томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Масалан, C5+1 форматини олайлик. Авваллари Марказий Осиё давлатлари алоҳида-алоҳида ташқи дунё билан боғланиб, масалаларни ўзаро ҳал қилган бўлса, энди бирлашган C5+1 формати йўлга қўйилган. Бу минтақамиздаги интеграция жараёни ривожига сезиларли ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Бундан ташқари, Марказий Осиё давлатлари умумий иқтисодий тараққиёт йўлида дадил одимламоқда. Дейлик, минтақанинг бутун дунёда долзарб бўлиб турган “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш ва “яшил макон” барпо этиш амалиётини кўпгина давлатлар намунавий тажриба сифатида ўрганяпти. Хусусан, “яшил макон” лойиҳаси атроф-муҳитни яхшилаш, табиатни асраб-авайлашга қаратилган самарали ташаббус эканини бутун дунё эътироф этмоқда.
Президентимиз Марказий Осиёда глобал аксилтеррор стратегияси ижроси юзасидан қилинган самарали ишлар натижаси ҳақида сўз юритиб, минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, турли миллат ва дин вакиллари ўртасида тотувликни мустаҳкамлаш, ёшларни радикал ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилган чора-тадбирларни алоҳида таъкидлади. Шу билан бирга, Марказий Осиёда хавфсизлик соҳасидаги таҳдидларга қарши курашда кенг қамровли ва мувофиқлаштирилган ёндашув зарурлигини айтиб, БМТ ҳамда бошқа халқаро институтлар билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга чақирди.
Масалан, Марказий Осиёнинг айрим фуқаролари Яқин Шарқ минтақаси ёки Афғонистон ва бошқа можаровий ҳудудларга турли хил диний ёки бошқа омиллар орқали алданиб, ўша ҳудудлардаги ҳар хил салбий кучлар, ҳарбий ташкилотлар сафига бориб қўшилган эди.
Минтақамизда, айниқса ўлкамизда терроризм ва диний экстремизмга қарши курашда охирги йиллари йўлга қўйилган ислоҳотлар ва ташаббуслар дунё ўрганадиган даражага чиқди, дейиш мумкин. Масалан, реабилитация қилиш, яъни алданиб, ўша ҳудудларга бориб қолган инсонларни жамиятга қайта интеграция қилиш масалалари бўйича бизда яхшигина тажриба тўпланган. Зеро, диний экстремизм, радикализм каби муаммолар бугун энг ривожланган давлатларни ҳам ташвишга соляпти ва бу борада Ўзбекистон тажрибаси яхшигина намуна бўлиши мумкин.
Шундан келиб чиқиб, давлатимиз раҳбари БМТ ҳузуридаги терроризмга қарши кураш бошқармаси минтақавий офисини Ўзбекистонда ташкил этиш ташаббуси билан чиқди. Мазкур режа амалга ошиши бизда шаклланган улкан тажрибани бошқа давлатларга улашиш, ҳамкорликда ҳаммани қийнаётган иллатлар – экстремизм, терроризм ва радикализмга қарши курашиш, энг асосийси, бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш бўйича самарали ишлар йўлга қўйилади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/P3vtXt7Cado" title="Mintaqaviy barqarorlik yo‘lida: O‘zbekiston tashabbuslarining xalqaro e’tirofi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ўткир Алимов ёзиб олди.
ЎзА