Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 23-тури доирасида бугун “Динамо” – “Шўртан”, “Пахтакор” – “Сурхон” клублари ўзаро рақобатлашади.
Самарқанд шаҳрида ўтадиган “Динамо” ва “Шўртан” учрашуви соат 19:00 да старт олади. Учрашувни Хушнуд Суюнбоев бош ҳакам сифатида ўтказади. Айни дамда мезбон жамоа лига жадвалида 38 очко билан 6-ўринда бормоқда. “Шўртан” эса бор-йўғи 12 очко жамғариб, сўнгги поғонадан жой олган.

Бугунги кун учрашувларининг марказий ўйини “Пахтакор” – “Сурхон” жамоалари ўртасидаги баҳс бўлиши шубҳасиз. Ҳозирда пойтахт жамоаси 40 очко билан чемпионатда 4-поғонага жойлашган бўлса, “Сурхон” 25 очко тўплаб, 11-ўринда қайд этилган. Учрашув “Жар” стадионида соат 19:00 да старт олади. Хўш, ўзаро ўйинлар статистикаси қандай, устунлик ким томонда?
“Пахтакор” – “Сурхон” клублари ўзаро 37 та учрашувда майдонга тушган. Уларнинг 27 тасида "Пахтакор", 7 тасида "Сурхон" зафар қучган. Уч марта дуранг натижа қайд этилган. Ўзаро баҳслардаги энг йирик натижа 2004 йилда кузатилган. Ўшанда “Пахтакор” термизликларни 8:0 ҳисобида доғда қолдирган.
Дарвоқе, куни кеча Суперлиганинг 23-туридан ўрин олган “Қўқон” – “Бунёдкор” беллашуви 2:2 ҳисобида ўз ниҳоясига етди. Мазкур баҳсдаги голларга Амир Тўрақулов, 40 (0:1), Аслиддин Тоштемиров, (1:1), Аброр Каримов, 73 (2:1), Темурхўжа Абдухолиқов, 88 (2:2) муаллифлик қилди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА