Сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишга қаратилган кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, “Навоий сув таъминоти” АЖ тизимида ҳам коррупцияга қарши курашиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинган.
Жорий йилнинг январь-август ойларида акциядорлик жамияти ҳамда унинг туман-шаҳар бўлимларида коррупцияга қарши курашиш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва ходимлар малакасини ошириш бўйича қатор ишлар амалга оширилди. Айниқса, соҳа ходимларининг ҳуқуқий онгини юксалтириш ва уларда ушбу иллатга муросасизликни шакллантириш бўйича давра суҳбатлари, турли тадбирлар, тарғибот ишлари ташкил этилди.
– Ўтган даврда “Манфаатлар тўқнашувини бошқариш” низоми талабларига амал қилиш доимий назоратга олиниб, бу борада аниқ мониторинг тизими йўлга қўйилди, – дейди “Навоий сув таъминоти” АЖ масъул ходими Лобар Дўстова. – Ҳисобот даврида мазкур йўналиш бўйича битта ҳолат аниқланди ва ўрнатилган тартибда бартараф этилди. Бaрча хўжалик шартномаларига коррупцияга оид қоидалар киритилди, янги ишга қабул қилинган ва ротация қилинаётган ходимлар эса “Йўриқнома”га мувофиқ текширилди.
Жорий йилнинг ўтган даврида 24 нафар ишга янги қабул қилинган ходимларнинг коррупцияга қарши билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида семинарлар ташкил этилди. Барча ходимлар “Манфаатлар тўқнашувини бошқариш” ва “Одоб-ахлоқ қоидалари” бўйича онлайн ўқувларда иштирок этди. Бундан ташқари, комплаенс-назорат хизмати ходимлари томонидан коррупцион хавф-хатарларнинг олдини олиш борасида ишчи-ходимлар, жумладан, ишга янги қабул қилинаётган ходимлар билан якка тартибдаги профилактик суҳбатлар ўтказилмоқда.
Жорий йилнинг ўтган 8 ойи давомида жами 4 та коррупциявий ҳолатлар бўйича мурожаатлар келиб тушган бўлиб, уларнинг барчаси кўриб чиқилди ва ижобий ҳал этилди.
Тасдиқланган режага мувофиқ харидлар, молия-хўжалик фаолияти ва манфаатлар тўқнашуви бўйича ўрганишлар ўтказилди. Аниқланган камчиликлар юзасидан “Йўл харита”си ишлаб чиқилиб, ижрога йўналтирилди. Айрим ҳолатлар бўйича тўпланган материаллар эса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилди.
А.Бўриев, ЎзА