Ватанимиз тарихидаги 29 сентябрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
865 йил (бундан 1160 йил олдин) – тарихчи Наршахийнинг “Бухоро тарихи” асарида қайд этилишича, сомонийлар сулоласи бошлиғи Наср ибн Аҳмаднинг номига аббосийлар халифаси томонидан Мовароуннаҳрнинг амирлиги унга берилганлиги тўғрисида фармон келди.
1404 йил (бундан 621 йил олдин) – тарихчи олим Ҳамид Зиёевнинг испан элчиси Руи Гонсалес де Клавихо асарига таяниб қайд этишича, 29 сентябрда Соҳибқирон зиёфат ташкил қилиб, кўп яқин ва узоқ одамларни, элчиларни ҳузурига чақирган. Амир Темур унда Хитой билан чегарадош жойдан келган элчилар билан суҳбатлашган.
Бу элчиларнинг бошлиғи эскироқ поча-пўстин кийган, бошидаги кичкина телпакнинг боғичлари кўкрагига тушиб турган. Телпак жуда кичкина бўлиб, бошида зўрға илиниб турган. Унинг ҳамроҳлари ҳам калта пўстин кийган эди. Баъзи пўстинларнинг мўйи ич тарафига, бошқаси сиртига тикилган.
Элчилар сувсар, оқтулки ва бошқа мўйналар, лочинлардан иборат совғани келтирганлар. Клавихо элчиларни христиан динидаги кишилар деб ёзган. Улар Россия тарафдан келган элчилар бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Клавихо Соҳибқироннинг шахмат ўйнаб ўтирганлигини ҳам кўрган.
1929 йил (бундан 96 йил олдин) – Тошкент вилоятидаги Оҳангарон тумани ташкил этилди. У 1939 йилгача Қурама тумани деб номланган. Оҳангарон тумани 1957 йилда Ўрта Чирчиқ ва Тошкент туманлари таркибига қўшилган. 1971 йил 31 августда қайта ташкил этилди.
1937 йил (бундан 88 йил олдин) – Қашқадарё вилоятидаги Қамаши тумани ташкил этилди. У 1962 йил 24 декабрда Қарши туманига қўшилган. 1964 йил 31 декабрда яна қайтадан ташкил этилган.
1940 йил (бундан 85 йил олдин) – Ангрен кўмир кони ва Бойсун тошкўмир кони ишга туширилди.
1943 йил (бундан 82 йил олдин) – Иккинчи жаҳон урушининг 22 ёшли қатнашчиси лейтенант Абдулазиз Йўлдошев Днепр дарёсини кечиб ўтишда мислсиз жасорат кўрсатди. Тарихчи Шавкатбек Муҳаммадюнусовнинг қайд этишича, 29 сентябрь тунида у автомат ва патронларни бошига боғлаб, тишига ингичка симни тишлаб, дарёнинг кенг ва муздек сувларини кечиб нариги қирғоққа етиб олганидан кейин симни қаттиқ силкиб, алоқачи Пивоваровга рота билан дарёдан сузиб ўтишлари мумкинлиги тўғрисида ишора билдирди.
Жангчилар қайиққа тушиб бўлганларидан сўнг Пивоваров симнинг бир учини қайиққа боғлаб қўйди. Алоқачининг ишораси билан Абдуллазиз симни бир ўзи ўзига қараб тортиб, қайиқни елкансиз ва эшкаксиз бериги қирғоққа ўтишини таъминлади. Уч соат ичида ротанинг бутун таркиби душманга сездирмаган ҳолда шикастсиз дарёдан ўтиб олишади.
Собиқ СССР Олий Кенгаши Президиумининг 1943 йил 16 октябрдаги Фармонига биноан Абдулазиз Йўлдошевга дарёдан кечиб ўтишдаги, дарёнинг ўнг соҳилидаги плацдармни эгаллашда, уни мардонавор ҳимоя қилишда, душманга қарши курашда қаҳрамонлик ва жасурлик намуналарини кўрсатганлиги учун Қахрамон унвони берилди.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Абдулазиз Йўлдошев (1921–1968) 1939 йилда ҳарий хизматга чақирилиб, кейинчалик уруш майдонига сафарбар этилгунига қадар мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаган. У 1942 йилда Сталинград остоналарида бўлган жанглардаги жасурлиги ва қаҳрамонлиги учун сафдошлари ичида биринчи бўлиб “Жасурлиги учун” медали билан ҳам мукофотланган эди.
2004 йил (бундан 21 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Қарши шаҳрининг 2700 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ўзбекистон Миллий энциклопедиясида таъкидланишича, ушбу шаҳар турли даврларда Навтак, Боло, Нашеболо, Нахшаб, Насаф номлари билан юритилиб, XIV асрдан Қарши деб атала бошланган. “Қарши” номининг келиб чиқиши тўғрисида турли фикр ва тахминлар мавжуд. Шарқшунос олим Василий Бартольд шаҳарнинг номи мўғул хони Кепакхон қурдирган “Қарши” (қадимги туркийчада “сарой”) билан боғлиқ деб таъкидлайди.
“Қутадғу билиг” достонида “Қарши” атамаси “сарой” ва “қарама-қарши туриш” маъносида қўлланган. “Бобурнома”да ҳам бу ном мўғул тилидан олинганлиги таъкидланган. Келтирилган тахминларда атаманинг “қарши” – сарой, қаср маънолари кўпроқ қўлланади.
2010 йил (бундан 15 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Ушбу қонун 6 боб, 36 моддадан иборат.
2011 йил(бундан 14 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Мазкур қонун 8 боб, 59 моддадан иборат.
2020 йил (бундан 5 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2022 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Электрон тижорат тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Ушбу қонун 7 боб, 33 моддадан иборат.
2023 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Аҳолини зилзилада ҳаракатланишга тайёрлаш тизимини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА