Куни кеча Бельгия пойтахти Брюссель шаҳрида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон энергетика вазирлари иштирокида “Қамбарота ГЭС-1 қурилиши” лойиҳаси бўйича учинчи давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда Жаҳон банки вакиллари ҳамда лойиҳа доирасида тузилган Донорлар кенгаши аъзолари ҳам қатнашди. Тадбир Жаҳон банкининг кўмагида ташкил этилди. Таъкидлаш жоизки, 2024 йил 6 июнда Жаҳон банки бошчилигида Донорларни мувофиқлаштириш кенгаши тузилган бўлиб, унга Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ), Осиё тараққиёт банки (ОТБ), Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (ОИИБ), Италиянинг “Cassa Depositi e Prestiti S.p.A.”, OPEC Халқаро ривожланиш жамғармаси, Европа инвестиция банки ва Ислом тараққиёт банки каби халқаро молия ташкилотлари киради.
Учрашувда лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари, унинг атроф-муҳитга таъсири ва ижтимоий жиҳатлари, амалга ошириш механизмлари ҳамда халқаро молия институтлари билан ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, 2025 йил октябрь ва ноябрь ойларида ўтказилиши режалаштирилган навбатдаги учрашув масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Лойиҳа доирасида 5,4 миллиард метр куб сув сиғимига эга сув омбори ва 1860 МВт қувватли гидроэлектр станцияси ишга туширилади. Бу станция йилига ўртача 5,6 миллиард кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконини беради.
Иштирокчилар лойиҳани Марказий Осиёда энергетика хавфсизлиги ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда сув ресурсларидан оқилона фойдаланишнинг муҳим қисми сифатида эътироф этди.

Шунингдек, учрашув доирасида Ўзбекистон делегацияси Халқаро молия ташкилотлари билан лойиҳани молиялаштиришни таъминлаш масалалари бўйича бир қатор икки томонлама музокаралар ўтказди. Улар орасида Европа Иттифоқи, Жаҳон банки, ЕТТБ, ОИИБ, ОТБ ва OPEC жамғармаси каби ташкилотлар бор.
Вазирлик ахборот хизматига кўра, “Қамбарота ГЭС-1” лойиҳаси бўйича биринчи учрашув 2024 йил 27 январь куни Тошкентда, иккинчиси эса 26-27 май кунлари Дубайда бўлиб ўтган эди. Дубайдаги учрашувда уч давлат вазирлари ўртасида байоннома имзоланган бўлиб, бу лойиҳани амалга оширишда муҳим қадамдир.
Уч томонлама учрашув якунига кўра, биргаликдаги кейинги режалар ва лойиҳани тайёрлаш муддатлари юзасидан келишувга эришилди.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА