Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Оқдарё туманидаги пахта майдонларини бориб кўрди.
Бу йил туманда 4450 гектар майдонда ғўза парваришланиб, айни пайтда етиштирилган ҳосилни қисқа муддатда териб олиш ишлари давом этмоқда. Бунинг учун 42 та терим отряди ташкил этилиб, фермер хўжаликлари аъзолари ва ишсиз фуқаролар жалб этилган. Уларга қўлда терилган пахтанинг 1 килограми учун 2000 сўмдан кам бўлмаган миқдорда нақд пулда меҳнат ҳақи берилмоқда. Шунингдек, туманда 15 та пахта териш машинасидан самарали фойдланилмоқда.

Фермерлар билан бу йилги пахта ҳосили сифати, терим жараёнларининг бориши ҳақида суҳбатлашилди.

Бу йил Самарқанд вилоятида кластер корхоналари ва фермерлар томонидан 60 минг гектар ерда пахта етиштирилди. Бу майдонлардан 261 минг тонна ҳосил олиш кўзда тутилган. Масъулларнинг қайд этишича, пахта хомашёсини ёғин-сочинли кунларга қолдирмасдан, 25 октябрга қадар териб олиш кўзда тутилган.
Ғ. Ҳасанов, ЎзА