Азим Қўқон шаҳридан етишиб чиққан жадидлар ХХ аср бошларида Туркистон ўлкасининг маорифи, маданияти, сиёсий жараёнлардаги фаолияти билан ёрқин из қолдирган. Жумладан, Ашурали Зоҳирий, Абдуваҳоб Ибодий, Муҳаммаджон Холиқий, Акбар Исломов, Назир Тўрақулов ва шу каби кўплаб зиёлилар ўлкада илғор ғояларнинг ёйилишида ўзининг муносиб ҳиссаларини қўшган. Қўқонлик тараққийпарвар ёшлар ичида, айниқса, Шокир Сулаймоннинг ҳам алоҳида ўрни ва роли бор.
Шокир Сулаймон 1900 йилда Қўқон шаҳрида туғилган. Унинг отаси Собирхўжа илмли инсон, онаси Тиниқой ҳам ўқимишли аёл бўлганлиги манбалардан маълум. Шокирнинг биринчи устози отаси Собирхўжа бўлиб, кейинги таълимни қўқонлик жадид Абдуваҳоб Ибодийнинг “Ирфон” мактабида давом эттиради. Абдуваҳоб Ибодий ўз мактабида мукаммал таълим тизимини ишлаб чиққан, ушбу мактабдаги таҳсил, шубҳасиз, ёш Шокирнинг ҳаётида муҳим ўрин тутди.
Шокир Сулаймоннинг “Фарғона” газетасининг 1923 йил 24 август сонида чоп этилган “Миллий куй ва ашулаларимиз” номли мақоласи ҳам унинг нечоғлиқ халқ адабиётини асраб-авайлашда фидокор шахсият бўлганлигини англатади. Муаллиф ушбу мақоласида ҳар бир элнинг ва ҳар бир халқнинг юрагидан қайнаб чиққан оҳ-зорларини, шодлик ва қайғуларини ўз оҳанг ва руҳига мувофиқ куйлари, ашулалари ва шу куй, ашулаларни халқнинг ўзиники қилиб айтадиган қўшиқчилари борлигини қайд этиб, халқнинг аксарияти, хусусан, омма қисми ҳар вақт ўз ашулачилари билан фахрланиб, шуларни эшитиб, руҳларини суғориб, тетиклантиришларини ёзади.
Гарчи, совет ҳукумати 1956 йилда хотини Зайнаб Мирсалимовага эри Шокир Сулаймоннинг 10 йилга меҳнат тузатиш лагерига ҳукм қилинганлигини маълум қилган бўлса-да, у 1942 йилнинг 22 декабридаёқ отиб ташланган эди. Ўзбек адабиётининг, хусусан ўзбек фольклорининг жонкуяр ҳимоячиси, толмас тарғиботчиси Шокир Сулаймоннинг тергов баённомасига ёзган сўнгги сўзи қуйидагича бўлди: “Мен хоин эмасман!”. Шокир Сулаймон 1956 йил 27 сентябрда оқланган.
"Жадидлар — миллат қаҳрамонлари" лойиҳасининг бу галги сони истеъдодли шоир, носир ва фольклоршунос Шокир Сулаймоннинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/ncJ2d5nz35g" title="O`zbek folklorining himoyasi yo`lida qatag`onga uchragan Shokir Sulaymon" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳайё Турдалиева,
Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА