Шу кунларда Польша Республикасининг Мазовия воеводалиги расмий делегацияси амалий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди. Шу муносабат билан “Янги Ўзбекистон” боғига ёндош меҳмонхоналар мажмуаси ҳудудида Тошкент вилояти вакиллари ва меҳмонлар ўртасида “Бизнес Форум” бўлиб ўтди.
Унда дастлаб Тошкент вилояти раҳбарияти ҳамда Мазовия воеводалиги расмий делегациясининг тор доирадаги учрашуви ўтказилиб, асосий масалалар кўриб чиқилди.


Бизнес форумда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев, Польша Республикасининг Мазовия воеводалиги маршали Адам Струзик бошчилигида 20 нафардан ортиқ хорижий меҳмонлар, шунингдек, вилоят бизнес доираси вакиллари, масъул мутасаддилар иштирок этди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда Ўзбекистон ва Польша Республикасининг кўп қиррали ҳамкорлик алоқалари яқин стратегик шерикчилик асосида ривожланиб бормоқда.


– Мақсадимиз Ўзбекистонни хорижий инвесторлар учун ишончли ва узоқ муддатли ҳамкорга айлантиришдир. Ҳар бир ташаббус, ҳар бир лойиҳа тўлиқ амалга оширилишда вилоятимиз мутасаддилари яқиндан ёрдам беради. Киритилган ҳар бир таклиф, айтилган ҳар бир лойиҳа бўйича алоҳида “йўл харитаси” қабул қилишга ва уларни шахсан ўзим қатъий назоратимга олишга тайёрман, – деди форум аввалида вилоят ҳокими Зойир Мирзаев.


Таъкидлаш жоиз, Ўзбек-Польша бизнес-форуми ва сермаҳсул музокаралар икки мамлакат ўртасидаги амалий ҳамкорликни сифат ва мазмун жиҳатдан мутлақо янги, янада юксак босқичга олиб чиқади. Мазкур жараёнда икки ҳудуд ўртасида Дўстлик битими имзоланиб, В2В ва В2G форматида музокаралар ўтказилди.
Тадбир доирасида меҳмонлар вилоятнинг саноат салоҳияти ва бизнес имкониятлари билан бевосита жойларга чиқиб танишиш имконига ҳам эга бўлди.


А.Мусаев, ЎзА.