Сўнгги кунларда Тошкент вилоятининг баъзи туманларидаги мактабгача таълим муассасаларида болаларнинг оммавий заҳарланиши жамоатчиликни қаттиқ ташвишга солмоқда. Шифохоналарда болалар кўплиги ҳақидаги маълумотлар эса бу ҳолатнинг қанчалик жиддийлигини кўрсатмоқда.
Ўзбекистон “Адолат” СДП бу воқеани нафақат тиббий-санитар муаммо, балки ижтимоий огоҳлик қўнғироғи сифатида баҳолайди.
Фарзандларимиз саломатлиги, уларнинг ҳаёти ва келажаги масаласи энг устувор ўринда туриши лозим, уларга берилаётган маҳсулотнинг сифати устидан назоратнинг етарлича таъминланмагани – бугунги вазиятнинг асосий сабаби, деб ҳисоблаймиз.
Болалар саломатлиги билан боғлиқ соҳаларда стандартлар, қоидалар ва санитария нормаларига қатъий риоя қилиш – ҳар бир ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчининг бевосита бурчи бўлиши лозим.

Жамоатчилик назорати механизмларини кенгайтириш, ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчилар фаолиятини шаффоф ва очиқ мониторинг қилиш – бугунги кун талаби эканлигини кўрсатмоқда.
Қолаверса, бу ҳолат – назорат ва масъулият йўқолганда жамият қандай хавф остида қолишини яққол кўрсатди.
Вазият партия Сиёсий Кенгаши ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан назоратга олинди. Парламент ва маҳаллий кенгашлардаги депутатлар иштирокида тузилган ишчи гуруҳ ҳақиқий ҳолатни ўрганиш, муаммонинг асл сабабларига ойдинлик киритиш мақсадида Тошкент вилоятининг тегишли туманларида ўрганишлар ўтказишни бошлади.

“Адолат” СДП мазкур мазкур ҳолатга олиб келган барча сабаблар жиддий ўрганилиши ва айбдор шахслар жавобгарликка тортилиши шартлигини таъкидлайди, шунингдек айбдорларни аниқлаш ва жавобгарликка тортиш билан бирга, озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида давлат назоратини тубдан кучайтириш зарурлигини қатъий илгари суради.
Шу билан бирга, Тошкент вилоятининг баъзи туманларидаги мактабгача таълим муассасаларида болаларнинг оммавий заҳарланиши ҳолати юзасидан болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, шунингдек ушбу ҳолатга алоқадор шахсларнинг ҳаракатларига қонуний баҳо бериш юзасидан ўз нуқтаи назарини баён этиш бўйича Бош прокуратурага Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзолари томонидан депутатлик сўрови юборилди.
ЎзА