Нью-Йорк шаҳрида жорий йилнинг 23 сентябрь куни бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугунги кунда дунё миқёсида долзарб масалалар бўйича нутқ сўзлади.
Президентимиз томонидан билдирилган фикр ва ташаббуслар яна бир бор мамлакатимиз ташқи сиёсатининг очиқ, тинчликсевар ва ҳамкорликка қаратилган йўналишини яққол кўрсатди.
Нутқда таъкидлаганидек, бугунги мураккаб геосиёсий вазият шароитида халқаро ҳуқуқни, миллатлар ва давлатлар ўртасидаги дўстлик ва ишончни кучайтириш глобал барқарорликнинг асосий омилидир. Дунё миқёсида хавфсизлик ва тараққиётни таъминлаш учун зиддиятлардан кўра умумий манфаатларни устувор қўйиш зарурлиги эътироф этилди.
Сўзда ва амалда бирлик

“Олмалиқ кон-металлургия комбинати”
акциядорлик жамияти бошқаруви раиси, сенатор.
Айтиш жоизки, сўнги йилларда Ўзбекистон ўзини глобал масъулиятни зиммасига олишга ва аниқ ечимлар таклиф қилишга қодир мамлакат сифатида ифода эта олди.
“Бундан 8 йил муқаддам биз ушбу юксак минбардан туриб, Марказий Осиёни тинчлик, яхши қўшничилик ва шериклик маконига айлантиришга қатъий қарор қилганимизни эълон қилган эдик.
Бугун чуқур мамнуният билан таъкидлаш мумкин: биз бу стратегик мақсадга эришдик. Ёпиқ чегаралар, ҳал этилмаган баҳс ва низолар даври тарихда қолди”, – деди Президентимиз.
Бу жараёнда Ўзбекистон мулоқот ташаббускори, бирлаштирувчи куч, тинчлик ва тараққиётнинг таянч нуқтаси сифатида етакчи роль ўйнади.
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган қатор халқаро ташаббуслар жумладан, Бутунжаҳон профессионал таълим саммитини ўтказиш, Афғонистон орқали транспорт ва энергетика коридорларини ривожлантириш, терроризмга қарши минтақавий марказни ташкил этиш, ёшлар учун глобал ҳаракат платформасини яратиш каби таклифлар бутун Марказий Осиё ва жаҳон ҳамжамияти учун долзарб аҳамият касб этади.
Қўшнинг тинч – сен тинч
Ҳеч кимга сир эмас, дунёнинг турли минтақаларида давом этаётган қуролли можаролар глобал тинчлик ва осойишталикка жиддий путур етказмоқда. Бундай низо ва тўқнашувлар бегуноҳ инсонларнинг ҳалок бўлишига олиб келмоқда, инвестиция оқимларини, товар ва хизматлар айланишини издан чиқармоқда. Озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги бўйича янги муаммоларни келтириб чиқармоқда.
Айнан шу сабабли Президентимиз ўз нутқида Афғонистон, Украина ва Ғазо муаммоларида халқаро ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги билдирилди.
Бунда, Афғонистон билан ҳамкорлик қилиш алоҳида қайд этилди. Қўшни мамлакатни ёрдамсиз қолдирмаслик, унинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига кўмак бериш муҳимлигини таъкидлади. Бу эса минтақа барқарорлиги ва хавфсизлигига хизмат қилади. Бу ўз навбатида хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва иқтисодий алоқаларни кенгайтириш учун имкон беради.
Ўзбекистон инсонпарварлик юкларини жўнатиш, энергетика тизимини яратишга кўмаклашиш, савдо ҳажмини оширишдан тортиб қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишгача бўлган иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш орқали ўз эътиқодини амалда намоён этмоқда.
Ўзбекистон муҳим халқаро платформага айланади
Бугун дунёга катта хавф солаётган яна бир глобал хатарлардан бири терроризм ҳисобланади. Президент нутқида ушбу масалага алоҳида тўхталиб ўтилди. Жумладан, БМТнинг Терроризмга қарши кураш бошқармаси билан ҳамкорликда тузилган Реабилитация ва қайта интеграция масалалари бўйича Минтақавий Кенгашни Халқаро компетенциялар марказига айлантириш таклиф этилди. Ушбу тузилма муаммоли ҳудудлардан қайтарилган шахсларни тинч ҳаётга мослаштириш бўйича тажриба алмашиш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилади.
Президентимиз Тошкент шаҳрида Терроризмга қарши қарши кураш бошқармасининг минтақавий офисини Ўзбекистонда очиш учун зарур шароит яратишга тайёр эканлигини билдирди.
Экология – муаммо ва ўсиш нуқтаси
Қурғоқчилик, сув танқислиги каби экологик муаммолар ҳар қандай давлатнинг иқтисодий ривожланишига хавф туғдиради. Орол денгизи муаммоларига эътибор қаратган Президентимиз фақат давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик, инновацион технологияларни қўллаш орқали экологик мувозанатни сақлаб қолиш мумкинлигини таъкидлади. Бунда илгари сурилган экологик ташаббуслар глобал таҳдидларни камайтириш, ҳамжиҳатликда ечим топиш ва барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашга қаратилган.
Айниқса, Президентимиз томонидан илгари сурилган Тошкентда сувни тежаш бўйича бутунжаҳон форумини ўтказиш таклифи муҳим аҳамият касб этди. Шунингдек, иқлим ўзгариши ва экологик муаммоларни ҳал этиш бўйича Глобал пакт қабул қилиш таклифини берди.
Ўзбекистон экологик барқарорликни таъминлаш мақсадида чиқиндилар, сувдан қайта фойдаланиш, ҳудудларни рекультивация қилиш бўйича кенг кўламли ишларни амалга оширмоқда. Бунда “яшил” иқтисодиётга ўтиш замон талаби бўлиб қолмоқда.
Жумладан, Олмалиқ кон-металлургия комбинатида ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, замонавий экологик стандартларни жорий этиш, техноген чиқиндиларни камайтириш йўлга қўйилган. Бу бизга глобал контекстда рақобатбардош бўлиш имконини беради. Айтиш жоизки, комбинатнинг экологик масъулияти ISO 14001 “Экологик менежмент тизими” халқаро стандарти сертификати билан мустаҳкамланган.
Амалда акс этаётган ислоҳотлар
Президентимиз камбағалликни камайтириш, таълим ва соғлиқни сақлашни яхшилашга алоҳида эътибор қаратиш орқали иқтисодий ўсишнинг инсонпарвар йўналишини кўрсатиб берди. Бу йўналишдаги давлат сиёсати ижтимоий барқарорликни таъминлайди, иш ўринларини яратади ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилади.
Шунингдек, Президентимиз ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган, айниқса қишлоқ жойлардаги оилаларда хотин-қизларни иш билан таъминлаш, муносиб меҳнат шароитларини яратиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларнинг самарадорлиги тўғрисида тўхталиб ўтди.
Бунда Осиё хотин-қизлар форумини доимий платформага айлантириш таклифи бутун минтақамиздаги хотин-қизларни ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга, аёлларимизнинг куч-салоҳият ва имкониятларини янада кенг қулоч ёйишига хизмат қилади.
Президент “Устувор мақсадимиз – мамлакатимизда яшаётган ҳар бир оиланинг, ҳар бир фуқаронинг ҳаётини тубдан ўзгартириш, инсон қадри ва фаровонлигини оширишдир” – деб таъкидлагани бежиз эмас. Бу сўзлар ҳамма жойда: шаҳарлар ва минтақаларда, бизнесда, саноатда, ижтимоий сиёсатда сезилаётган ўзгаришлар руҳини акс эттиради.
Ёшлар – келажак манбаи
Кучли мамлакатгина келажак ҳақида қайғуради. Шу боис ёшлар билан боғлиқ ташаббуслар нутқнинг муҳим қисми бўлди. Бугунги кунда мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоизини ёшлар ташкил этиб, ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Давлатимиз раҳбари томонидан ёшларнинг қалби ва онгига тинчлик, гуманизм ва дўстлик, ўзаро ишонч ва ҳурмат каби эзгу ғояларни сингдириш долзарб эканлиги, “Жаҳон ёшларининг тинчлик сари ҳаракати”ни таъсис этиш ва унинг қароргоҳини Ўзбекистонда жойлаштириш таклифи диққатга молик. Халқаро штаб-квартираси Тошкентда жойлашган “Тинчлик учун” ҳаракати турли мамлакатлар, динлар ва маданиятларга мансуб ёшларни тинчлик, ўзаро тушуниш ва барқарор ривожланиш қадриятлари атрофида бирлаштирувчи платформага айланиши мумкин.
Президентимиз “Ёшлар – тинчлик, тараққиёт ва ҳамкорлик ғояларини ташувчи асосий ресурс”, дея жуда муносиб баҳо берди. Ва бу ерда Ўзбекистон яна бир бор аниқ ҳаракат, мулоқот, миллатлар ва халқлараро тотувликни ўзаро ҳамкорлик шаклида амалга оширишни таклиф қилмоқда.
Бизнинг эртамиз бугундан бошланади
Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясида сўзлаган нутқидаги барча ташаббуслар Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини янада мустаҳкамлайди. Энг муҳими, бу ғоя ва таклифлар умуминсоний қадриятларга таянади ҳамда жаҳонда тинчлик, барқаролик ва тараққиётни таъминлашга қаратилган.
Мен ишонч билан айта оламан, Президентимизнинг оқилона сиёсатлари туфайли мамлакатимиз замонавий, ташқи сиёсати тинчлик ва ҳамжиҳатлик ғояларига йўғрилган давлатга айланди. Бу биз учун чексиз ғурур ва ифтихор ҳамдир.
Абдулла Хурсанов,
“Олмалиқ кон-металлургия комбинати”
акциядорлик жамияти бошқаруви раиси, сенатор.