Бугунги кунда бутун дунёда атмосфера ҳавосининг ифлосланиши, ҳаво таркибида инсон саломатлиги учун зарарли бўлган моддаларнинг кескин ортиб бораётгани энг долзарб экологик муаммолардан бирига айланмоқда. Яқинда пойтахтимиз Тошкент шаҳри атмосфера ҳавоси энг ифлос бўлган шаҳарлар рўйхатининг энг биринчи ўринидан жой олди. Бу ҳолат тез-тез рўй бераётгани ачинарли ва хавотирли ҳол. Атмосфера ҳавосининг бузилиши, албатта, инсон ҳаёти ва соғлиги учун жуда хавфли ҳисобланади.
Атмосфера ҳавоси ёмонлашиб кетиши муаммосининг юзага келиш омиллари, сабаблари ва бартараф этиш йўллари хусусида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Экологик партия фракцияси аъзоси Наврўзбек Юсупов билан суҳбатлашдик.
– Бугунги кунда Ер сайёрасида атмосфера ҳавосини ифлослантиришга асосан қандай омиллар сабаб бўлмоқда?
– Инсон ҳаёти учун сув ва озиқ-овқат қай даражада зарур бўлса, ҳаво ҳам шунчалик муҳим. Атмосфера ҳавосининг тозалиги соғлом ҳаётнинг асоси, табиат ва бутун биосферанинг барқарор ривожланиши учун зарур шарт-шароит ҳисобланади. Шунинг учун ҳам ҳаво ифлосланишининг олдини олиш, уни муҳофаза қилиш ва тозалигини таъминлаш бугунги замонавий жамиятнинг энг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади.

Атмосфера ҳавосининг ифлосланиш сабабларига эътибор қаратадиган бўлсак, бир қатор ҳолатлар сабаб бўлаётганини кўришимиз мумкин. Аввало, ҳаво таркибидаги тоза кислород миқдорининг камайиши асосан антропоген, яъни инсон фаолиятига оид омиллар билан боғлиқ.
Жумладан, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналари чиқиндилари, автомобиль ва транспорт воситалари чиқарадиган газлар, қазилма ёқилғи – нефть, газ ва кўмирдан фойдаланиш оқибатида чиқадиган турли чиқиндилар ва ташламалар, маиший чиқиндиларни ёқиш ва энергия истеъмолининг ортиши, дарахтларнинг кесилиши, яшил ҳудудларнинг қисқариши кабилар инсоният билан бевосита боғлиқ бўлган омиллардир.
Бундан ташқари, табиий омиллар – иқлимнинг ўзгариши, сув ресурсларининг камайиб бориши, ерларнинг аста-секин чўлланиши, вулқон отилиши, чанг тўфонлари, ўрмон ёнғинлари ҳам ҳаво тозалигига салбий таъсир кўрсатади.
— Ифлосланган ҳаво эса, албатта, инсон саломатлигига таъсир қилмай қолмайди.
— Жуда тўғри, таркибида зарарли моддалар кўп бўлган, ифлосланган ҳавонинг оқибатлари аянчли бўлади. Атмосфера ҳавосининг ифлосланиши, аввало, инсон саломатлиги, табиат ва иқлимга жиддий хавф туғдиради. Турли нафас йўллари касалликлари, аллергиянинг кўпайишига олиб келади. Шунингдек, юрак-қон томир касалликларининг ортишига, қишлоқ хўжалиги ҳосилдорлиги пасайишига, озон қатламининг зарарланишига сабаб бўлади. Бундан ташқари, глобал муаммолардан бири — иқлим ўзгариши жараёни тезлашишига олиб келади. Яъни, кўряпсизми, экологик муаммолар бир-бирига занжир сингари боғлиқ, бирининг орқасидан бошқаси юзага келади.

— Атмосфера мусаффолигини сақлаш, муҳофаза қилишнинг қандай йўллари мавжуд, нималарга эътибор қаратиш керак?
— Ҳаво тозалигини сақлаш ҳар бир давлат ва фуқаро учун муҳим вазифа ҳисобланади. Бу борада бир қатор чора-тадбирларни амалга ошириш зарур. Жумладан, энг аввало, яшил ҳудудларни кенгайтириш – кўчат экиш, ўрмонларни, яшил майдонларни муҳофаза қилиш лозим.
Иккинчидан, экологик тоза транспортдан фойдаланиш – электромобиллар, велосипед ва жамоат транспортидан кенгроқ фойдаланишни йўлга қўйиш, янада оммалаштириш зарур.
Учинчидан, ишлаб чиқаришда замонавий фильтр ва тозалаш ускуналарини жорий қилиш мақсадга мувофиқдир.

Тўртинчидан, қазилма ёқилғидан фойдаланишни камайтириш, қуёш, шамол ва гидроэнергия каби қайта тикланувчи манбаларга босқичма-босқич ўтиш жараёнларини тезлаштириш керак.
Шу билан бирга, аҳоли ўртасида экологик маданиятни ошириш, атмосфера муҳофазаси бўйича тарғибот ишларини кучайтириш зарур. Қачонки, кенг аҳоли вакиллари экологик хавф-хатарларнинг юзага келиш омилларини бартараф этишга шахсий масъулият билан ёндашишса, бу борада давлат миқёсида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини янада яққолроқ кўрсатади.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бу келажак авлодлар саломатлиги ва барқарор тараққиёт кафолатидир. Ҳар биримиз ўз ҳаёт тарзимизда кичик бўлса-да, амалий қадамлар қўйсак – кўчат эксак, чиқиндиларни белгиланган жойларга ташласак, уларни тўғри утилизация қилсак, тоза энергия манбаларига ўтсак, глобал миқёсдаги тоза ҳаво ҳаракатига улкан ҳисса бўлиб қўшилади.
Муҳтарама Комилова суҳбатлашди, ЎзА