Реклама тадбиркорлар учун ўз маҳсулотини сотиб, мижозларини кўпайтиришида энг қулай соҳалардан бирига айланди.
Чунки, бугун одамлар кўпроқ телевизор ёки ижтимоий тармоқлардаги реклама роликларини кузатиб, шунга қараб қарор қабул қилишга одатланди. Бу ҳолат шу даражага етдики, ҳатто, соғлиғига таъсир қилувчи дори-дармонларни ҳам реклама орқали олишдан чўчимайдиган бўлди.
Шунинг учун реклама қонунчилигида одамларни чалғитиш, маҳсулотни даво деб кўрсатиш ёки ўта ортиқча ваъдалар беришга йўл қўйилмаслиги белгиланган.
Рақобат қўмитаси томонидан амалга оширилган мониторинглар натижасида реклама қонунчилиги талаблари бузилиш ҳолатлари аниқланди.
Жумладан, ижтимоий тармоқларда “Forsil – оғриқ мутлақо изсиз кетади” мазмунидаги реклама тарқатилгани маълум бўлди.
Мазкур ҳолат юзасидан олиб борилган ўрганиш натижаларига кўра, ушбу реклама материаллари “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг 35-моддаси биринчи қисмида белгиланган талабга зидлиги аниқланди. Унга мувофиқ, биологик фаол қўшимчалар рекламасида улар даволаш хусусиятига эга деб тасаввур уйғотишга йўл қўйилмайди.
Юқоридаги ҳолатлар юзасидан Қўмита Махсус комиссияси томонидан “NIKA FARM” МЧЖга нисбатан “Реклама тўғрисида”ги қонунининг тегишли моддалари талаблари бузилиши юзасидан иш қўзғатилиб, ишни кўриб чиқиш якунлари бўйича молиявий жарима қўллаш ҳақида қарор қабул қилинди.
Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик юзасидан кўрсатма берилди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА