Ватанимиз тарихидаги 25 сентябрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
975 йил (бундан 1050 йил олдин) – Сомонийлар ҳукмдори Мансур ибн Наср вафот этди. Тарихчи олим Наршахийнинг ёзишича, у “Амири садид” (ҳақ амир) лақабини олган.
1912 йил (бундан 113 йил олдин) – Туркистон генерал-губернатори Александр Самсоновнинг Туркистон ўқув юртлари бош нозирига шу куни юборган буйруғида ўлкадаги барча мактабларда фаолият юритаётган муаллималар ҳақида маълумот берилиши сўралган эди. Бунга жавобан барча вилоят халқ маорифи нозирлари томонидан ўқитувчилар ҳақида тўла маълумотлар мунтазам бериб борилган. Бундай мунтазам текширувлар олиб борилишдан асосий мақсад мазкур мактабларда фаолият кўрсатаётган муаллималарнинг жадидчилик ҳаракатига бўлган интилишини назорат қилишдан иборат эди.
1922 йил (бундан 103 йил олдин) – Туркистон Автоном Совет Социалистик Республикаси (ТАССР) Марказий Ижроия Қўмитаси раиси Абдулла Раҳимбоев Россия Совет Федератив Социалистик Республикаси (РСФСР) Халқ Комиссарияти Молия бўлимидан четга олтин пул олиб ўтишга рухсат олиб беришни сўраб Туркистоннинг Москвадаги мухтор ваколатхонасига мурожаат қилди.
Тарихчи Соибжон Ҳошимовнинг ёзишича, мазкур мурожаатномада, жумладан, бундай дейилган эди: “Туркистон Республикаси МИҚ РСФСР Халқ Комиссарияти Молия бўлимидан олтин пулларни чегарадан олиб ўтишга рухсат олиб беришингизни сўрайди, чунки Туркистон Республикаси ўз ҳисобидан талабаларимизнинг Германияда ўқишларини давом эттиришлари учун ҳар бирига олтин ҳисобида 620 сўмдан маблағ ажратиб жўнатмоқда”.
Бошқа ҳар қандай давлатнинг келажаги сингари Туркистон Республикасининг истиқболи ҳам ёшларга боғлиқ эди. Буни ўз вақтида англаб етган Туркистон миллий зиёлилари ёшларни Германия, Туркия каби хорижий мамлакатларда билим олишларини ташкил этишга ҳаракат қиладилар.
Марказдан бу мақсадда пул ундириш бефойда эди. Ички имкониятлар ва фидойилар ҳаракати билан тўпланган олтин пулни эса мустақил ташқи сиёсат олиб бориш ҳуқуқига эга бўлмаган республика ҳукумати чет элга ўз ёшлари ўқиши учун ўтказа олмасди. Юқоридаги мурожаат шу мақсадда қилинган эди.
1922 йил (бундан 103 йил олдин) – Россия компартияси ташкилий бюросининг қарори билан “қўпол хатолари” учун Туркистон компартияси Марказий Комитети котиби Назир Тўрақулов, Туркистон АССР Халқ Комиссарлари Советининг раиси Қайғусиз Отабоев ва ТАССР Марказий Ижроия Комитетининг раиси Абдулла Раҳимбоев эгаллаб турган лавозимларидан бўшатилди.
1930 йил (бундан 95 йил олдин) – Ўзбекистон ССР Марказий Ижроия Қўмитаси ва Халқ Комиссарлари Совети Ўзбекистонда умумий-мажбурий бошланғич таълимни жорий қилиш тўғрисидаги чора-тадбирларни ишлаб чиқди. Унда 1930–1931 ўкув йилидан бошлаб 8 ёшдаги болалар, шаҳар ва ишчи посёлкаларида 8, 9 ва 10 ёшдаги болалар учун умумий-мажбурий бошланғич таълимни жорий этиш зарурлиги кўрсатилди.
1935 йил (бундан 90 йил олдин) – археолог-тарихчи олим, тарих фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Аҳмадали Асқаров таваллуд топди. Унинг асосий илмий ишлари Ўрта Осиёда сақланиб қолган моддий-маданият ёдгорликларини очиш ва уларда археологик тадқиқотлар ўтказиш йўли билан Ўзбекистон тарихини ўрганишга бағишланган. У 2025 йилда “Буюк хизматлари учун” ордени билан мукофотланди.
1941 йил (бундан 84 йил олдин) – бутун Ўзбекистонда ҳарбий ўқув пунктларини ташкил этишга ва уларни командирлар таркиби билан тўлдиришга киришилди.
1972 йил (бундан 53 йил олдин) – Ўзбекистон Фанлар академияси Санъатшунослик институти археологик экспедицияси томонидан Сурхондарё вилоятидаги қадимий Далварзинтепа шаҳар харобасида жаҳон аҳамиятига молик кашфиёт қилинди. Қазишма ишларининг навбатдаги кунида, шаҳарнинг зодагонлар мавзесидаги хонадонлардан бирининг 13-хонасида, дастлаб аҳамиятсиздек кўринган деворча остидан сопол кўза ичига яширилган олтин буюмлар хазинаси топилди. Ушбу топилма археолог Татяна Беляева раҳбарлигидаги бир гуруҳ талабалар томонидан аниқланган бўлиб, у нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё археологияси тарихидаги энг йирик ва қимматли хазиналардан бири сифатида қайд этилди. Хазина милодий I асрга оид бўлиб, Буюк Кушон подшолиги даврининг иқтисодий қудрати, заргарлик санъати ва маданий алоқалари ҳақида бебаҳо маълумотлар берувчи манбадир.
Далварзин хазинасининг таркиби унинг илмий аҳамиятини янада оширади. Тахминан 36 килограмм оғирликдаги хазина 115 дона ноёб буюмдан иборат. Улар орасида турли ўлчамдаги олтин ёмбилар (қуймалар), билагузуклар, бўйин тақинчоқлари (шодалар), сирғалар, маржонлар ва бошқа безак буюмлари мавжуд. Энг муҳими, айрим олтин ёмбиларга ўша даврнинг асосий ёзувларидан бири бўлган кҳароштҳа ёзувида битиклар туширилган. Бу ёзувлар Кушонлар даври иқтисодиёти, ўлчов бирликлари ва бошқаруви ҳақида муҳим маълумот беради. Заргарлик буюмлари эса ўзининг нафис ишланганлиги, эллинистик, ҳинд ва маҳаллий сак-скиф анъаналарини ўзида мужассам этган синкретик санъати билан ажралиб туради. Бу эса Кушон давлати маданиятининг серқирра бўлганини ва унинг Ғарб ҳамда Шарқ сивилизациялари ўртасидаги муҳим кўприк вазифасини ўтаганини исботлайди.
Хазинанинг топилиши билан археологлар Баҳодир Турғунов ва Эдуард Ртвеладзе томонидан барча буюмлар зудлик билан ҳужжатлаштирилиб, махфий тарзда Тошкентга олиб келинган ва Ўзбекистон ҳукумати ихтиёрига, сўнгра давлат банки хазинасига топширилган. Ушбу мисли кўрилмаган топилма Далварзинтепанинг Кушон подшолиги таркибидаги йирик маъмурий ва савдо марказларидан бири бўлганини тасдиқлади. Бугунги кунда Далварзинтепа олтин хазинаси Ўзбекистон миллий меросининг энг ёрқин дурдоналаридан бири ҳисобланади. У нафақат мамлакатимиз, балки жаҳон олимлари учун ҳам Кушонлар даври тарихи ва маданиятини ўрганишда туганмас илҳом ва билим манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.
1991 йил (бундан 34 йил олдин) – Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон ва Абдурауф Фитратга (вафотидан кейин) ўзбек адабиётини ривожлантиришдаги ҳизматлари учун Алишер Навоий номидаги Республика Давлат мукофоти берилди.
1997 йил (бундан 28 йил олдин) – Лондондаги Ўзбекистон Республикаси элчихонасида Ўзбекистон Республикаси билан Исландия Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисидаги Қўшма Ахборотни имзолаш маросими бўлиб ўтди.
2013 йил (бундан 12 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Халқаро қуёш энергияси институти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланди.
2014 йил (бундан 11 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Ушбу қонун 5 боб, 30 моддадан иборат.
2017 йил (бундан 8 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Сув объектларини муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2020 йил (бундан 5 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимини янада такомиллаштириш ҳамда соҳадаги инвестиция лойиҳалари самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
2023 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “«Диний бағрикенглик» кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА