Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессияси мамлакатимиз ташқи сиёсати учун муҳим тарихий воқеа бўлди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг иштироки, шунингдек, нуфузли халқаро ташкилотлар ва етакчи давлатлар раҳбарлари билан ўтказган учрашувлари Янги Ўзбекистоннинг халқаро майдонда янги имкониятларга шароит яратди.
Ушбу жараёнда илгари сурилган ташаббуслар амалий қарор ва йирик лойиҳаларда ўз ифодасини топмоқда. Давлатимиз раҳбари БМТ юксак минбаридаги нутқида, замонавий дунёда кучайиб бораётган зиддиятлар, халқаро институтлар нуфузининг сусайиши ва ижтимоий тенгсизлик каби глобал муаммоларни қайд этди.

Мамлакатимиз етакчиси ўз нутқида, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида ҳам маълумот берар экан, мамлакатда камбағаллик даражасини қисқартириш, таълим қамровини кенгайтириш, педагоглар нуфузини ошириш, соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш каби йўналишлар глобал кун тартиби билан уйғун эканлигини таъкидлади.
Сессия доирасида Ўзбекистон раҳбари бир қатор нуфузли шахслар билан мулоқот қилди. Хусусан, Жаҳон савдо ташкилоти бош директори Нгози Оконжо-Ивеала билан учрашувда Ўзбекистоннинг жаҳон Савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни ва глобал савдога интеграцияси муҳокама қилинди.
Шунингдек, минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштириш, инфратузилма ва инновация соҳаларида БМТ билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди. Анжуман доирасидаги муҳим воқеалардан бири – Ўзбекистон ва АҚШ Президентларининг учрашуви бўлди.
Икки давлат раҳбарлари музокаралар давомида, стратегик шерикликни кенгайтириш, янги иқтисодий ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалаларини муҳокама этди. Шу билан бирга, минтақавий лойиҳалар ва инновация соҳаларида ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
БМТ Бош Ассамблеяси сессияси, Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини янада мустаҳкамлади. Президентимизнинг нутқида ифодаланган ташаббуслар глобал хавф-хатарларга жавоб бериш билан бирга, мамлакат ичида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг халқаро миқёсда тан олинишини таъминлади.
Шунингдек, Президентимиз томонидан илгари сурилган барча ташаббуслар Ўзбекистоннинг очиқ ва прагматик сиёсатини, шу билан бирга, глобал миқёсда ҳамжиҳатликка асосланган муносабатларни мустаҳкамлашдаги қатъий позициясини кўрсатади.
Одилжон Маматкаримов,
Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабатлар,
ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар
ва туризм масалалари қўмитаси раиси ўринбосари, сенатор.
ЎзА.