Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ойбек ижодига бағишланган адабий тадбир

Пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонида Ўзбекистoн xалқ ёзувчиси Мусo Тoшмуҳаммад ўғли Oйбек таваллудининг 120 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбир ҳамда Ёзувчилар уюшмаси ҳoмийлигида чoп этилган “Танланган асарлар” китoби тақдимoти ўтказилди.

Мазкур тадбирга адабиёт ихлосмандлари, ёзувчи ва шоирлар, олимлар, талаба-ёшлар таклиф этилди. 
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо, таниқли шоира, уюшма раисининг ўринбосари Фарида Афрўз, Ўзбекистон Кинематография агентлиги бош директори, адабиётшунос олим Шуҳрат Ризаев, Ғафур Ғулом уй-музейи директори, атоқли адиба ва журналист Олмосхон Ғафурова ва бошқалар Ойбекнинг машаққат ва заҳматлар, синовларга тўла ҳаёти, адабий мероси, серқирра фаолияти хусусида батафсил тўхталди. 

Дарҳақиқат, Ойбек домла наср ва назмда, ҳам бадиий таржимада самарали фаолият кўрсатган, ҳаёти, ижоди маърифатпарвар жадид боболаримиз билан чамбарчас боғлиқ бўлган бетакрор ижодкор эди.

Адабиёт дарғалари, олимлар томонидан, шунингдек, тарихий манбаларда Ойбекнинг ғоят бағрикенг, оқкўнгил, мард ва танти, саховатли, матонатли, кечиримли инсон, беғубор қалб соҳиби бўлгани алоҳида эътироф этилади. 

1943 йилда Ўзбекистон Фанлар академияси академиги бўлган Ойбек домла миллий адабиётимиз ривожи, сўз санъати тарихи, жаҳон адабиёти тарихи равнақига муносиб ҳисса қўшган ижодкордир. 

Унинг «Туйғулар», “Кўнгил найлари”, “Машъал” шеърий тўпламлари, “Дилбар — давр қизи”, “Ўч”, “Бахтигул ва Соғиндиқ”, “Қаҳрамон қиз”, “Гулноз”, “Камончи”, “Навоий” сингари достонлари адабиёт мухлисларига яхши таниш. 

[gallery-25431]

Насрий мероси 5 роман – “Қутлуғ қон”, “Навоий”, “Қуёш қораймас”, “Улуғ йўл”, “Олтин водийдан шабадалар” каби асарлардан иборат. “Шонли йўл”, “Нур қидириб”, “Покистон таассуротлари”, “Болалик” ва “Бола Алишер” ҳамда бир қанча ҳикоя ва очерклари самимияти билан аҳамиятли. 

Ойбек Пушкиннинг “Евгений Онегин” шеърий романи, Лермонтовнинг “Маскарад”, Мольернинг “Тартюф” драмаларини ўзбек тилига таржима қилган.

Истиқлол йилларида Ойбек Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонига мувофиқ, “Буюк хизматлари учун” орденига сазовор бўлган. 

Тадбирда Ойбек ижоди, асарларининг аҳамияти ҳақида батафсил сўз юритилди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан чоп этилган “Танланган асарлар” китоби ҳақида маълумот берилди. Тадбир иштирокчилари адиб ҳайкали пойига гуллар қўйдилар.

Назокат Усмонова, 
Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА