Тошкент шаҳрида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги энг йирик тадбирлардан бири — “ICTWeek Uzbekistan – 2025” ҳафталиги бошланди. 23–26 сентябрь кунлари давом этадиган тадбир пойтахтдаги “Central Asian Expo Uzbekistan” мажмуасида ўтказилмоқда.
2004 йилдан буён мунтазам ташкил этиб келинаётган ушбу халқаро анжуман Ўзбекистон АТ соҳасида эришилаётган ютуқларни намойиш қилиш, илғор инновацион маҳсулотларни тақдим этиш ва хорижий инвесторлар билан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этиб келмоқда. Шу билан бирга, ҳафталик стартаплар учун ўз лойиҳаларини кенг аудиторияга тақдим этиш, янги шериклар топиш ва халқаро бозорга чиқиш имкониятини яратади.
Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов журналистлар билан суҳбатда ҳафталикнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтди.
— Давлатимиз раҳбари олиб бораётган сиёсат, хусусан, АТ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар соҳада фаолият юритаётган мутахассислар учун катта имкониятлар яратди. Йирик АТ компанияларга эса замонавий касбларни пухта ўзлаштирган, креатив фикрлайдиган ва хорижий тилларни яхши биладиган ёшлар зарур. Шу боис бу каби тадбирлар мамлакатимиз ёшлари билан АТ компанияларини яқинлаштирувчи муҳим майдон вазифасини бажармоқда. Бу жараён орқали янги иш ўринлари яратилиб, АТ-экспорт ҳажми ҳам ортиб боради. Асосий мақсадимиз — кўпроқ халқаро АТ компанияларини Ўзбекистонга жалб этиш ва юқори даромадли иш ўринларини кўпайтириш, — деди Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов.
Бу йилги ҳафталик доирасида 20 мингдан ортиқ ташрифчилар, тадбиркорлар, инвесторлар ва 50 яқин мамлакатдан келадиган экспертлар ҳамда 20 дан ортиқ халқаро медиа вакиллари ва бошқа кўплаб меҳмонлар иштирок этмоқда. Бу кўрсаткичлар мамлакатимиз АТ бозори ва стартап экотизимининг халқаро майдондаги салоҳияти тобора ошиб бораётганидан далолат беради.
Тадбир дастуридан турли конференциялар, тақдимотлар, муҳокамалар, стартап танловлари ва инновацион ечимлар намойиши ўрин олган. Халқаро АТ компаниялари вакиллари, давлат органлари ва бизнес сектори мутахассислари иштироки, албатта, ҳафталикнинг қамровини янада кенгайтиради.
“ICTWeek Uzbekistan – 2025” нафақат технологик янгиликлар тақдимоти, балки Ўзбекистоннинг рақамли соҳада эришаётган ютуқларини халқаро ҳамжамиятга кўрсатиш, илғор тажрибаларни ўрганиш ва мамлакатимизда АТ экотизимини янги босқичга олиб чиқиш учун ҳам самарали платформа бўлиб хизмат қилмоқда.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/5_qjQbpmtFE" title="ICTWeek Uzbekistan 2025: Toshkentda innovatsiyalar va hamkorlikka bag‘ishlangan haftalik" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Марҳабо Ҳожиакбарова, Анвархўжа Аҳмедов (видео), ЎзА