Бугун мамлакатимизда қурилаётган иморатларнинг аксарияти осмонўпар, баланд-баланд қаватли уйлардан иборат. Чунки, аҳоли сонининг ўсиши туфайли одамларнинг бошпанага бўлган эҳтиёжи ортиб бормоқда.
Баланд иморатларнинг қурилгани яхши. Аммо уларнинг мустаҳкамлиги, зилзилабардошлигига қандай кафолат берилади? Зилзилабардош иморатлар қурилишида қандай инновацион тажрибаларга таяниляпти? Бу борада халқаро ҳамкорлик натижа беряптими?
Фанлар академияси Механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институтида “Зилзилабардош қурилиш бўйича чуқурлаштирилган халқаро семинар”да шу каби саволларга тўхталиб ўтилди.
Мазкур семинар ташкилотчилари Фанлар академияси М.Т.Ўрозбоев номидаги Механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институти ва Берклидаги Калифорния университетидир.
Семинарнинг асосий мақсади зилзилабардош қурилиш ва минтақамизда сейсмик фаоллик билан боғлиқ масалалар юзасидан тадқиқот олиб бораётган дунёнинг кучли экспертлари ва олимлар ўртасида фикр алмашиш учун тажриба майдони яратишдан иборатдир.
Хорижий давлатлар экспертлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш ва ривожлантириш ҳамда янги илмий тадқиқот лойиҳаларини шакллантириш, келгуси тадқиқотларга йўл харитаси ва тавсиялар ишлаб чиқиш тадбирнинг асосий вазифаси ҳисобланади.
Ушбу тадбирнинг ўтказилиши халқаро алоқаларни кенгайтириш, семинар иштирокчиларининг мавжуд алоқаларини мустаҳкамлаш ва келажакдаги ҳамкорликка йўл очади. Бу эса инновацион лойиҳаларни самарали амалга ошириш учун миллий, минтақавий ва халқаро миқёсда долзарб муаммоларни аниқлаш ва ҳал қилиш, шунингдек, таълим ва илм-фаннинг ўзаро уйғун таъсирини ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш имконини беради.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/_mlxjTCmNrw?si=joCPWS19T-HhNlfl" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Нигора Раҳмонова,
Аброр Содиқов (видео),
Искандар Исматов (монтаж), ЎзА