Президент ташрифидан сўнг...
Биз суҳбатлашаётган хотин-қизлар дунёдаги энг машҳур брендлар учун кийим тикаётганини яхши билади. Ишининг масъулиятини ҳис қилади. Чунки уларнинг қўлидан ўтаётган маҳсулотларнинг ҳаммаси жаҳон бозорига чиқмоқда.
Гап Тўрақўрғондаги тўқимачилик кластери – “Bugatti”, “Pierre Cardin”, “Roy Robson”, “Baldessarini”, “Lavard”, “Jake’S”, “Engbers”, “Cinque”, “Walbusch” каби жаҳон брендлари билан ҳамкорлик қилаётган “Ифтихор кийим саноат” корхонаси ҳақида бормоқда.
[gallery-25420]
Президент Шавкат Мирзиёев яқинда Наманган вилоятига ташрифи чоғида ушбу кластернинг янги ишга туширилган корхонаси фаолияти билан танишган эди. Президент ташрифидан сўнг бу корхона фаолияти билан кенгроқ танишдик.
Ҳеч муболағасиз, Наманган тўқимачилик соҳасида мамлакатнинг етакчи ҳудудларидан бири саналади. Бугун ҳудудда 2 минг 500 га яқин катта-кичик тўқимачилик корхоналари фаолият кўрсатмоқда. Улар жуда кўплаб брендлар остида маҳсулот тайёрлаб, юз мингдан ортиқ инсон учун кундалик даромад манбаи яратмоқда.
Вилоят саноатининг учдан бири, экспортининг эса ярми шу соҳага тўғри келаётгани тармоқ ривожи ҳақида тасаввурларимизни янада аниқлаштиради.
Тўрақўрғон тумани ҳудудидаги 141 гектардан зиёд майдонни эгаллаган “Наманган” эркин иқтисодий зонасида йигирмага яқин йирик лойиҳа амалга оширилмоқда. “Ифтихор кийим саноат” кластерининг ип-калава ишлаб чиқариш ва тикувчилик корхонаси уларнинг энг истиқболлиларидан бири ҳисобланади.
Корхона лойиҳасининг умумий қиймати 198 миллион доллар бўлиб, маблағлар асосан қурилиш ишларига ва илғор технологияларни жалб этишга йўналтирилди. Замонавий иншоотлар барпо этилди, махсус лаборатория ташкил қилинди. Германия, Италия, Туркия ва Польша каби тўқимачиликда етакчи мамлакатлардан келтирилган энергия тежамкор ускуналар маҳсулот сифатини таъминламоқда.
– Давлатимиз раҳбари бу ердаги иш жараёнларини кўздан кечирди, тикувчилар билан суҳбатлашди, – дейди корхона бошқарувчиси Азиз Шарифжонов. – Яна қандай кўмак керак дедилар. Аслида бу тадбиркорлик субъекти шу даражага давлатнинг қўллаб-қувватлаши, ишбилармонлик муҳити зўрлиги учун эришди. Оддий тикувчилик цехи сифатида иш бошлаганмиз. Бугун пахта етиштиришдан тортиб тайёр маҳсулотни экспортга йўналтиришдек занжир яратилди. Шуни алоҳида таъкидлашимиз керак, бундай имкониятларга эга корхоналар дунёда саноқли. Яқинда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ҳам давлатимиз раҳбари мана шундай тўқимачилик корхоналарининг йирик брендлар билан ҳамкорлиги масаласига алоҳида урғу берган эди. Ўндан ортиқ жаҳон брендлари буюртмаларига кўра маҳсулот тайёрлаймиз. Бизда тикилаётган кийим-кечаклар энди Европага чиқмоқда. Бугунги глобаллашув даврида текстиль соҳасида ҳам кафолатли, доимий бозор топиш осон эмас аслида. Бу дунё тан олган брендлар юртимиздаги тадбиркорларга яратилаётган шароитларни, имкониятларни таҳлил қилади. Ўрганишлар натижасига қараб ҳамкорлик қилади.
Бугунги кунда корхона нафақат кийим-кечак, балки “BMW”, “Mercedes-Benz”, “Rolls-Royce” каби жаҳон автомобиль саноати етакчилари учун ўриндиқлар мато қопламаларини ҳам ишлаб чиқармоқда. Бу маълумотлар мамлакатимиз тўқимачилигида янги босқич бошланганини англатади. Брендлар билан бу каби тўғридан-тўғри ҳамкорлик қилиш маҳсулотнинг халқаро бозорда рақобатбардошлигини оширади. Ишлаб чиқарувчининг узоқ муддатли барқарор ривожланиши учун эса энг муҳим омил ҳисобланади.
Демак, бу маҳсулотга кафолатли бозор, катта валюта тушумлари ва янги иш ўринларини таъминлайди дегани. Сифат бўйича қатъий талаблар корхонани халқаро стандартларга олиб чиқади.
Корхона тўлиқ қувватга чиққач, йилига 100 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқаради. Бу орқали 3 мингта янги иш ўрни яратилади, давлат бюджетига эса йилига салмоқли солиқ тушумлари қўшилади. Бундай натижалар нафақат иқтисодиётни юксалтиради, балки аҳолининг турмуш даражаси ва ижтимоий барқарорликка ҳам кучли таъсир кўрсатади.
– Бугун бу ерда ишлаётганимиздан ҳаммамиз хурсандмиз, – дейди тикувчи Саодат Муҳаммадалиева, – Чунки иш шароитларимиз жуда зўр. Энг замонавий тикув машиналари ва ускуналарини ишлатамиз. Келиб-кетиш ва тушлигимиз учун барча қулайликлар яратилган. Олаётган маошимиз ҳам оз эмас. Кимдир тўй қиляпти, яна кимдир фарзандининг ўқишига пул беряпти. Хуллас, яхши ишларга харажат қиляпмиз. Рўзғоримизга нафимиз тегаётганидан мамнунмиз. Энди тасаввур қилинг, шу кайфият – шукроналик ҳисси қанчадан-қанча рўзғорларга кириб боряпти.
Корхонада замонавий лаборатория ҳам ташкил этилган. Маҳсулотларни халқаро стандарт даражасига олиб чиқиш ва нуфузли брендлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлашда бундай таҳлил марказларининг ўрни катта.
Бу каби лойиҳалар нафақат минглаб оилани, балки мамлакатнинг умумий иқтисодий салоҳиятини ошириш учун ҳам улкан аҳамиятга эга.
Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА мухбири