Ўзбекистонлик кўп ёшлар турли хорижий давлатлардаги етакчи компанияларда фаолият юритмоқда. Хусусан, замонавий технологияларни чуқур ўзлаштирган ёшларимиздан бири – Анвар Аҳрорқулов АҚШдаги йирик корхоналардан бирида ишлайди. У ўз интервьюсида бундан буён билими ва салоҳиятини Ўзбекистон тараққиёти учун сарфлаш ниятида эканини таъкидлади.
Анвар Аҳрорқулов, сунъий интеллект соҳаси бўйича менежер:
– 1998 йилдан буён Америкада яшайман. Университетни ҳам шу ерда тугатдим. Икки мутахассислик эгасиман: молиячи ва компьютер дастурловчиси. Фаолиятим давомида турли компанияларда ишладим. Айниқса, пенсия жамғармаларида бой тажриба тўпладим, десам муболаға бўлмайди. “City Dale”, “Millenium”каби машҳур корхоналарда менежерлик қилдим. Айни пайт “Black Stoun” компаниясидаман. Ҳозир асосан нейро тармоқлар, сунъий игнтеллект йўналишлари бўйича лойиҳаларда қатнашяпман.Бугунги кунда ҳар қандай самарали ишланмага сунъий идрокни жорий қилиш давр талаби, деб ўйлайман.
Ўзбекистондаги ўзгаришлар, хусусан тадбиркорлар, хорижий компаниялар бизнес юритиши учун берилаётган имтиёзлардан яхши хабардормиз. Мамлакатимиз қурилиш, замонавий ахборот технологиялари, савдо-иқтисодиёт ва умуман барча муҳим соҳаларда жадал ривожланяпти. Шу боис, биз айнан ўз юртимиздан ҳамкорлар қидиряпмиз. Хоҳлардимки, айнан менинг мутахассислигим – сунъий интеллект республикамизда янаям кенгроқ, турли тармоқларга жорий этилса. Бу биринчидан биз каби хориждаги ватандошларга ўз салоҳиятини туғилган юрти тараққиётига йўналтириш имконини беради. Иккинчидан Ўзбекистон янада ривожланади. Зеро, замон жуда тез ўзгаряпти ва мазкур жараён айнан сунъий интеллект ҳаётимизга кун сайин чуқур кириб келаётгани билан боғлиқ. Ишончим комилки, яқин 1-2 йил ичида ҳаёт тубдан ўзгаради. Замонавий технологиялар инсон турмуш тарзига ҳар томонлама, янада чуқур кириб келади. Мен келажакни шундай кўряпман.
Кейинги йилларда мамлакатимиз ёшлари учун дунёга кенг йўл очилди. Эндиликда ҳамюртларимиз нафақат АҚШ, балки дунёнинг барча ривожланган давлатларидаги энг машҳур олий ўқув юртларида таҳсил олмоқда. Бугун ўзбекистонликларни ҳар қандай давлатда аввалги даврлардагидан бошқача, қатъий ишонч, алоҳида эътибор билан қарши олишмоқда. Бу ҳолатни, яъни 5-10 йил авваалги ва ҳозирги кун ўртасидаги тафовутни мен ўз ҳаётим мисолида қиёслай оламан. Энди бизнинг билим даражамиз, бажараётган ишимизнинг сифати юқори даражада, бугунги кун талабига тўлиқ жавоб беради. Менинг бу фикрларим қуруқ гап эмас, чунки ҳозир ўзбекистонлик ёшлар “Google”, “Facebook” сингари энг машҳур компанияларда, сунъий интеллект соҳасида жаҳон тараққиётига муносиб ҳисса қўшяпти. Бу Ўзбекистон дунёга очилганининг амалдаги самарасидир.
Президентимиз АҚШга келганда ватандошлар билан учрашув ўтказиши яхши анъанага айланган. Мен ҳам бу гал давлатимиз раҳбари билан юзма-юз кўришиш, дилдан суҳбатлашишни жуда хоҳлаяпман. Агар кўришиш насиб қилса, диёримиздаги ижобий ўзгаришлар учун бевосита чуқур миннатдорлик билдириб, ташаккуримни изҳор этмоқчиман. Қолаверса, ўз таклифларимни ҳам билдиришим мумкин. Яъни, Ўзбекистон келгуси тараққиёт сари одимлашида фаол қатнашсам, деган орзу-ниятларим бор.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/OhZbI5aytk0" title="Anvar Ahrorqulov: “O‘zbekistonning dunyoga ochilgani o‘z samarasini beryapti”" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ғайрат Хонназаров, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА