“Автомобиль йўллари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси билан пулли йўллар тармоғини барпо этишнинг ҳуқуқий асослари яратилмоқда. Пулли автомобиль йўлларини қуришга фақатгина муқобил бепул ҳаракатланиш йўли мавжуд бўлгандагина рухсат берилади.
Шу билан бирга, пулли автомобиль йўлидан ҳаракатланиш учун тўлов миқдори автомобиль йўллари фойдаланувчиларининг ижтимоий-иқтисодий эҳтиёжлари қаноатлантирилишини ҳисобга олган ҳолда, иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайдиган бўлиши лозимлиги назарда тутиляпти.

Пулли автомобиль йўлларидан ички ишлар, тез ёрдам, ёнғин хавфсизлиги каби махсус хизматларнинг машиналари бепул фойдаланиши мумкин.
Мазкур қонун лойиҳаси парламент қуйи палатаси мажлисида иккинчи ўқишда моддама-модда муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, қонун лойиҳасида “автомобиль йўлларини режалаштириш” механизмини жорий этиш, йўл инфратузилмасини аҳоли ва иқтисодиётнинг ўсиб бораётган эҳтиёжларига мос равишда ривожлантириш назарда тутилмоқда. Шунингдек, йўлларни лойиҳалаштиришда аҳоли фикри ва атроф-муҳитга таъсирини инобатга олиш ҳамда пиёдалар учун тўсиқсиз муҳитни яратиш бўйича қатъий талаблар ўрнатиляпти.
Бундан ташқари, лойиҳада коммуникация тармоқларини қуришда йўлларнинг аввалги ҳолатини тиклаш харажатларини қоплаш шарти ҳам киритиляпти. Йўлларда катта ҳажмли ва оғир вазнли транспорт воситаларининг ҳаракатланиши тартибга солиняпти. Қолаверса, ажратилган ва йўл бўйи минтақаларида хизмат кўрсатиш объектларини жойлаштиришга оид талаблар белгиланмоқда.
Қонун лойиҳасидаги нормалар йўл сифатини яхшилаш орқали мавжуд автомобиль йўллари тармоғини узоқ вақтгача соз ҳолда сақлаб туриш, пулли йўллар тармоғини барпо этиш, соҳага тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилишга хизмат қилади.
Моддама-модда муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА