АҚШ сенаторларининг икки партияли гуруҳи АҚШдаги музлатилган Россия активи ҳисобидан ҳар 90 кунда Украинага ёрдам юборишда фойдаланиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини тақдим этди. Сенат Ташқи алоқалар қўмитаси баёнотида шундай дейилган.
Республикачи Жим Риш ва демократ Шелдон Уайтхаус томонидан илгари сурилган мазкур ташаббус РФнинг АҚШ ихтиёридаги қарийб 5 миллиард доллар музлатилган маблағи фоизи муайян мақсад йўлида сарфланишини назарда тутади.
Аниқроғи, қонун лойиҳаси Президентга ҳар 3 ойда Украинага ёрдам бериш учун ушбу ҳисобдан камида 250 миллион доллар йўналтиришни тавсия қилади.
Бундан ташқари “Катта еттилик” молия вазирлари мазкур суверен активдан кейинчалик Украина учун фойдаланиш масаласи муҳокамасини тезлаштиришга келишиб олган.
С.Раҳимов,ЎзА