Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ҳамда Қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизми доирасида фаолият юритувчи жамоатчилик гуруҳи аъзолари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган ёпиқ муассасаларда мониторинг ташрифлари амалга оширилмоқда.
Омбудсман ахборот хизматидан хабар беришларича, навбатдаги мониторинг ташрифи Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилди.
Ўрганиш давомида 2-сонли тергов ҳибсхонаси, Хўжайли тумани ички ишлар бўлими вақтинча сақлаш ҳибсхонаси, Нукус шаҳар ички ишлар органи фаолиятни мувофиқлаштириш бўлинмаси вақтинча сақлаш ҳибсхонаси, 27-сонли манзил-колония, маъмурий қамоққа олинган шахсларни сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхона, муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш маркази, мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш пунктлари, 1-сон руҳий-асаб касалликлари диспансеридаги шароитлар ўрганилди.
Мониторинг ташрифи чоғида тергов ҳибсхонаси ва вақтинча сақлаш ҳибсхоналарида сақланаётган шахсларнинг яшаш, овқатланиш ва тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятлари кўздан кечирилди. Шунингдек, камералар ҳолати, кузатув тизимлари, кўрикдан ўтказиш тартиблари ҳамда тиббий хоналар ҳолати ўрганилди.
27-сонли манзил-колониясида меҳнатга лаёқатли маҳкумларнинг иш билан таъминланиши, овқатланиш ва тиббий хизматдан фойдаланиш тартиби, шунингдек, қисқа ва узоқ муддатли учрашувлар учун яратилган шарт-шароитлар кўриб чиқилди.
Нукус шаҳридаги мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш пункти, руҳий-асаб касалликлари диспансери ҳамда реабилитация марказида эса фуқароларнинг ижтимоий, тиббий ва маиший шароитлари кўриб чиқилди.
Мониторинг жараёнида “Омбудсман қути”ларига тушган мурожаатлар кўрилди, айрим муассасаларда сайёр қабуллар ўтказилиб, фуқаролар мурожаатлари эшитилди.
Ташриф давомида аввалги мониторингларда берилган тавсияларнинг ижроси таъминланган ҳолатлар қайд этилди.
Мониторинг натижалари юзасидан мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш пунктларида аниқланган камчиликлар бўйича тегишли вазирлик ва идораларга Омбудсманнинг таъсир чоралари шаклидаги ҳужжатлар киритилди.
Н.Абдураимова, ЎзА