Хитойнинг Ухан шаҳрида COVID-19 пандемиясининг дастлабки босқичларини ҳужжатлаштиргани учун 4 йил қамоқда ўтирган хитойлик журналист яна 4 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда RSF’га таяниб, Daily Sabah хабар берди. 42 ёшли журналист илк бор 2020 йил декабрь ойида жанжал чиқариш моддаси бўйича айбдор деб топилган эди. У ўша пайтда Ухан шаҳридан коронавирус тарқалишининг дастлабки ҳолатлари ҳақида маълумотлар, жумладан, касалхоналардаги ҳолатлар ва бўш кўчалар видеоларини эълон қилган эди.
Канада, Буюк Британия ва Австралия 21 сентябрь куни мустақил Фаластин давлатини тан олди. Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху бундай қадам “яҳудий давлати учун хавфли” эканини айтди. Бу ҳақда The Times of Israel хабар берди.
“БМТда ва бошқа барча майдонларда бизга қарши қаратилган ёлғон ташвиқотга ва бизнинг мавжудлигимизга таҳдид соладиган, террор учун бемаъни мукофотга айланадиган Фаластин давлатини тузиш чақириқларига қарши курашишимиз керак”, деди Нетаньяху.
Португалия Фаластин давлатини расман тан олди. Тегишли баёнот 21 сентябрь куни кечқурун мамлакат ташқи ишлар вазири Паулу Ранжел томонидан эълон қилинди.
“Португалия икки давлат тузилишини назарда тутувчи ечимни, Фаластин-Исроил можаросида адолатли ва узоқ муддатли тинчликка эришишнинг ягона йўли сифатида қўллаб-қувватлайди”, деб таъкидлади у.
Шу билан бирга, Ранжел Португалиянинг Исроил давлатининг мавжуд бўлиш ҳуқуқини тан олиш позициясига содиқлигини таъкидлади.
“Толибон” раҳбари Мулла Ҳайбатуллоҳ Охундзода Афғонистонда смартфонларни тақиқлашни таклиф қилди. Бу таклиф мамлакатда интернетни узиб қўйишдан олдин тақдим этилгани айтилмоқда. Маълумотларга кўра, тахминан бир йил аввал Охундзода Қандаҳорда “Толибон” уламолар кенгашидан смартфонларни тақиқлаш учун диний асос топиб беришни сўраган. Унинг айтишича, бу чоралар салбий танқидлар ва бузғунчи фикрларни тўхтатиш, “Толибон”нинг обрўсини сақлаб қолиш учун зарур.
Эрон собиқ президенти Ҳасан Руҳоний агар унга қўйилган айбловлар судда исботланса, ўлим жазосига ҳукм қилиниши мумкин. Бу ҳақда Эрон парламенти комиссияси аъзоси Камрон Ғазанфарий хабар берди. Унинг айтишича, аввалги парламент Руҳонийга қарши 8 та шикоят берган ва уларнинг барчаси судга юборилган. У суд тизими раҳбари Ғуломҳусайн Муҳсиний бундай ишларни устувор тартибда кўриб чиқишга мажбур бўлса-да, чоралар кўрмаганини айтди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/pdcuNQjdBhw" title="Xalqaro dayjest" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ирода Жўраева, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА