Ёзувчи ва сценарист Шойим Бўтаев билан суҳбат

– Шойим ака, сиз ҳам тарихий, ҳам замонавий мавзуларда муваффақиятли ижод қилиб келаётган ёзувчисиз. Китоб ёзишга сизни нима ундайди, илҳомни қаердан оласиз? 

– Кўпчилик биладиган қадим ривоят бор. Оламни титратган шоҳнинг хаёлига кунлардан бир куни “бу ҳаётнинг маъноси нима экан?” деган савол келиб қолибди-ю, қанчалик ўйлагани билан жўяли бир жавоб тополмабди. Шунда сон-саноқсиз донишмандларни (зеро у мамлакатда ҳамма донишманд экан) чорлаб, улар ўртасига шу саволни ташлабди. Донишмандларнинг бирови у дебди, бирови бу дебди, бироқ уларнинг жавобларидан бирортаси шоҳни қаноатлантира олмабди. Шунда шоҳ уларни ҳаётнинг маъносини тушунтириб бера оладиган китоб ёзишга чорлабди. Донишмандлар китоб ёзишга киришиб кетибди ва орадан йиллар ўтиб ҳаётнинг маъноси ҳақида ёзган китобларини қирқ туядан иборат карвон билан олиб келишибди. Аммо бу чоқда шоҳ анча қариб қолган экан. Бунча китобни ўқий олмаслигига фаҳми етиб, уларни қисқартириб беришларини буюрибди. Донишмандлар ишга киришибди ва аввалгига қараганда камроқ вақт орасида ўша китобларнинг асил мағзи ёзилган бир туя китоб келтиришибди. Шоҳ эса энди янаям кексариб қолган экан. Бир туя китобларга таассуф-ла боқиб, энди уларнинг мағзини бир китобга жойлаб келишларини сўрабди. Шоҳ амри вожиб, шундай қилишибди.  Аммо...боёқиш шоҳ энди рамақ лаҳзаларини кутиб ётган экан. Тили сўзга зўрға айланиб, қўллари билан ишора қилганча, бир оғиз қисқа гапда ҳаётнинг маъносини ифода қилиб беришларини сўрабди. Шунда донишмандлар “бу ҳаётнинг маъноси туғилиш ва ўлиш” деб жавоб қайтаришибди. Шоҳ ҳаётнинг маъносини шу тариқа билиб жон таслим қилибди.

Афсуски, бир умр уни алдаб келганлар бу гал қаттиқроқ чув туширишди. Аё, шоҳим, ундай эмас! Уларнинг “бу ҳаётнинг маъноси туғилиш ва ўлиш” деган сўзларида инсон ҳаёти мазмунига дахлдор ҳеч вақо йўқ. Аввалгилари сингари бу ҳам Сизнинг дилингизга таскин учун тўқилган сафсатадан ўзга нарса эмас. Нега деганда, парранда-даррандалардан тортиб ҳашаротларгача туғиладилар ва ўладилар. Аммо инсон ундай эмас. Мангуликнинг даъвосида Холиқ яратган ягона махлуқ Удир! Унинг мангулиги даъвоси эҳтимол ўша қирқ туядаги китобларда жо бўлгандир? Эҳтимол менинг ёзиб турган ҳозирги сўзларим ҳам минг йиллар бурун ўша юкнинг ичидаги энг залворли жавоҳир сифатида қадрлангандир? Менинг эндиги фаолиятим уни фаромуш этмасликлари кераклиги эҳтиёжидан келиб чиққандир. Шундай экан, у ишларимга мазмун бахш эта олишига нега ишонмаслигим керак? Ҳаёт маъноси юкини қисқартиришларига мухолиф ўлароқ, уни ҳимоялаб қолиш даъвосида издиҳом орасидан ўша туғни кўтариб чиқишга бурчлиман. Ўйлайманки, нима учун ёзишим сабаби сизга худди ой ёруғидек равшан бўлди. Сўзнинг зарбидан Ой ёрилгани бу ҳисобга кирмайди.

Айтишларича, ёзувчи ва шоирларнинг ижод қилиш учун муайян вақти бўлмас экан. Улар қачон илҳом келса, ушанда ёзади. Сиз асар ёзиш учун маълум жой еки вақтни танлайсизми?

 Бу юмушни танлаганим беҳуда бўлмаган. Энди бирон нарсани кутишга ҳожат қайда? Уни яшамоқ, қисмат чорраҳаларидан ўтмоқ ўша карвон йўлга чиққан чоғдаёқ аёнлашган эди. Асар ёзаётган ижодкорни изласангиз қаҳрамонлари юрган йўлларда топасиз, улар бир йиғласа, у ўн йиғлайди. Шу маънода, каттароқ асарни битаётганида у нимага гувоҳ бўлади? Ҳаёт йўлига ёшгина кириб нуроний бўлиб чиқаётганига. Мен соқол оқартириб нуронийлик даъвосини қилганча ақл ўргатишни ёки канадек ўз пучмоғига ёпишиб олишни айтмаяпман. Руҳий, руҳоний жиҳатларсиз бу жабҳада ҳеч вақога эришиб бўлмайди. Унинг уммонида иккита кеманинг бошини тутиб ғарқ бўлиб кетганларни излаётган ғаввосларнинг бошқа юмуш қидиришларига ҳали-вери ҳожат йўқлигини уларнинг ўзлари ҳам яхши билишади.

Вужуд ва руҳ от ва суворий кабидир. От озиғи ҳеч қачон суворийни қаноатлантиролмайди. Сиз ташлаётган қадамнинг манзилга етиши муҳим, вужуд парвариши йўлида бир жойда сакраб-сакраб депсинишни жисмоний машқлар дейишади. Бундай  маҳалларда бизнинг руҳимиз ўзга манзилларда  бўлади. У ўз сукунатига халал берганларни ёқтирмайди. Манзилдан адашмоқ хавфли ҳодисадир.

–Китоб учун ғоя қандай туғилади – аввал сюжетми ёки қаҳрамонлар образими? Масалан, "Ҳисомиддин ал Ёғий" ёки "Қора Клит" ҳикояларини ёзиш учун нималардан илҳомлангансиз? 

–Александр Дюма айтган: тарихий факт мен учун илгак, деб. Бу илгакка у ўз картинасини осиб қўйишдан завқланар эди. Ижодкор учун ўтиб кетган ҳодисалар қаъридан бугунги кунга тааллуқли бўлмаган жавоҳирлар излаш ёки мавжуд лаҳзалар изтиробларини келажак умидлари билан хаспўшламоқдан нохушроқ нарса бўлмаса керак. Ўзи ҳали май таъмини тотмай туриб ўзгаларни сармаст этишни ўйлаётганлар ширин орзуларини ўлдирмагунча ижод оламида ҳақиқий умидлар кўкармайди.

“Ҳисомиддин ал Ёғий”, “Қора Клит” деб номланган ҳикояларимдаги тарихийлик бугуннинг ҳасратларига пойдевор бўлиб хизмат қилади. Унинг кўзгуси сизнинг рўпарангизда. Мавжуд бўлмаган инсоннинг ўзига ўзи қараши имконсиз. Инсонсиз ва кўзгусиз муаммони ҳал этишнинг йўли бўлганда эди, “бу ҳаётнинг маъноси туғилиш ва ўлиш” дея ўз ҳукмдорларини чув туширган ўша сохта донишмандлардан ортиб бизга юмуш қолмасди. Хайриятки, унақа эмас. Ижод – ҳаёт. Бу эски гап. Аммо ҳар лаҳзада янгича маъно касб этади. Акс ҳолда, Навоийдан сўнг сўз айтишга бировнинг журъати етмасди. Кечаги одам асло бугунники эмас. Эртага у янгича эврилишда бўлади. Биологик нуқтаи назардан қараганда ҳам. Шундай экан, индивидуал жараёнларни инобатга олмай сайрашларнинг бирортаси бизга тааллуқли эмас. 

Бир даврада бир киши, агар шоир бўлганимда мендан ўтадигани бўлмасди, деб қолди. Нега бунақа деяпти деб, тузукроқ қулоқ тутсак, ҳақиқатан ҳам бошидан ўтганлари оламжаҳон, изтиробу қайғулари ҳам талай экан. Уларни айтиб бера бошлаганида даврадаги кўнгли тошларнинг ҳам мижжалари намланди, баъзи бирлари эса ўзларини тутолмай, ёзинг, ёзинг, деб қолишди. “Ҳамма муаммо шунда-да, - деди у алам билан фарёд чекиб. - Қўлимга қалам олиб қоғозга ёзаман деб столга ўтирганим заҳотиёқ айтаётганларимдан бирортасиям тутқич бермай қочиб қолишади”.

Ҳаммомда ашула айтиб ўз овозига ўзи махлиёланиб қолган Афанди кейинчалик ашулачиликни даъво қилиб шарманда бўлгани ҳақидаги латифа ҳам бежиз тўқилмаган бўлса керак.

–Ўзбек ёки жаҳон ёзувчиларидан қайси бири сизга кўпроқ таъсир кўрсатган?

– Перулик машҳур ёзувчи, Нобель мукофоти совриндори Марио Варгос Льосанинг “Шумтакалар” деб номланган мўъжаз қиссаси бош қаҳрамон бўлган йигитчанинг нозик аъзосини ит тишлаб жароҳат етказган аянчли ҳодиса билан бошланади. Шундан сўнг тузалмас дард орттириб олган йигитчанинг ўзини кўрсатишга, катта кетишга, барчадан юқори бўлишга мойиллиги ўқувчини ҳайратга солади. У қанчалик баландга сакрамасин, қизлар олдида ўзини кўз-кўзламасин, барибир ожиз. Мўъжазгина асар сюжетида ижтимоий ҳаётда бўртиб кўзга ташланадиган заифликларнинг рамзларини илғаш ҳам қийин эмас. Йигитчанинг шов-шувлари ва шоулари сизга нималарнидир эслатиб юборади. Боёқиш йигитча.

Ожизлигини ўша боёқишга ўхшаб хаспўшлашга уриниб асосий мақсаддан чалғиб (ёки чалғитиб!) юрадиган жамиятга маёқ бўла олмаган адабиётнинг ҳоли забун. Ҳаётга суяниши лозим бўлган жамият ўзига таянч нуқтани адабиётдан топади. Негаки, ҳали айтганимиздек, у кўзгу вазифасини ўтайди. Бугуннинг кўзгуси. Унга қараб кам-кўстини тўғрилаб олиши керак. Дакки берувчи ҳам, сабоқ берувчи ҳам, қувонтиргувчи ва йиғлатгувчи ҳам унинг ўзи. Унинг сўқмоқларида жим кетаётган инсоннинг манглайида ер юзига халифа қилиб юборилгани буюк қисмати битилган. Шу тақдирдан баҳс очган барча асарлар эътиборимни тортган. Эрнест Хемингуэйнинг ўша машҳур “Чол ва денгиз” қиссасидаги ўша машҳур сўзларини эсланг: “Инсонни йўқ қилиш мумкин, лекин мағлуб этиб бўлмайди”. Олмон файласуфи Иммануил Кант эса “Инсон ҳеч қачон фақат восита сифатида эмас, балки ҳамиша мақсад сифатида қаралиши лозим”, дейди. Манави, Фёдор Достоевскийнинг “Инсон – сир. Уни ечиш керак. Агар бутун умрингни шу сирни ечишга сарфласанг ҳам, бекор кетмайди”, деган сўзлари саволингизга жавобнинг асосий қисми десаям бўлади. Салафларимиз томонидан айтилган бунақа гаплар жуда кўп. Аммо қанчалик кўп айтилганига қарамай, инсон муаммоси тугаган эмас. У тугаса, ҳаёт бўлмайди. Мартин Лютер Кингнинг “Инсоннинг қадри шунчалик баландки, ҳеч қандай тизим уни ерга ура олмайди, агар у ўзининг ким эканини унутмаса”, деган сўзлари ҳозир “Инсон қадри” деган тушунчага бот-бот мурожаат қилишга кўникаётган пайтимизда худди шиор каби янграйди. Ҳа, ҳамма гап шунда, агар у ўзининг ким эканини унутмаса!

– Сизнингча, ўзбек адабиётида қайси замонавий мавзуларга мурожаат қилиш зарур?

– Инсон мавжуд экан, мавзунинг тарихий ё замонавийлик чегаралари ўз-ўзидан маҳв бўлиб кетади. Нега? Мана, ҳазрат Алишер Навоийга қулоқ тутинг.

Бир заррани меҳри зарфишон васф этмиш,
Бир   қатрани   баҳри   беканор   васф   этмиш,
Бир хастани Исойи замон васф этмиш,
Бир бандасини шоҳи жаҳон васф этмиш.

“Шоҳи жаҳон”, яъни бу оламларнинг яратгувчиси васф этган инсоннинг шаъни, қадр-қиммати, дарду изтироблари, қувончу қайғулари ўтмишники ҳам, келажакни ҳам эмас. У том маънода бугунники. Унинг ёнгинамизда сезилаётган иссиқ нафасидан юз буриб ўтмишда қолиб кетган тарих ёки ҳали мавҳум келажакни васф этиш ижодкор виждонига хилоф ишдир. Буни ҳазрат Навоий айтиб турибдилар, “Бир бандасини шоҳи жаҳон васф этмиш”. Бундай улуғвор юмушга дахлдорлик ижодкорга чексиз руҳий қувват ато этади. Ижоди гуллаган кезларида бу ҳақда Абдулла Орипов ҳам бонг урган эди.

Асрим, асрим дейсан, асринг не ўзи,

Тўзғоқ календарнинг варақларидир,

Инсон деб фалакка ҳайқирмоқ нечун,

Инсон ёнингда-ку у менинг қўшним.

Бадиий тафаккур инсонни тадқиқ этар экан, унинг илоҳий яралишидан бугунги ҳаётининг узвий қатламларигача нигоҳ ташлаши имконидан ўзини сарбаланд ҳис этади.

Ўзбекистондаги ва хориждаги китобхонлар ўртасида қандай фарқ бор?

– Устоз шоир, таниқли ёзувчи Эркин Самандар илк борганимда менга Хивани таништираётиб бир иншоот ёнига келганимизда:

–Бунинг номи Калта Минор, – деди.

–Нега энди калта? – сўрадим минора учига боқиб.

–Уни жуда баланд қилиб қуришни мўлжаллашган, – Эркин ака ҳазиллашдими, жиддий айтдими – у ёғи менга қоронғу. – Устига чиқиб Бухорони кўрмоқчи бўлишган.

–Кейин-чи?

–Кейин бундан хабар топган бир оқил одам айтганки, Бухорони кўрмоқчи бўлсаларингиз баланд бино қуриб устига чиқиб қарашларингиз шарт эмас, у заминда камол топган улуғ инсонлар томонидан ёзилган китобларни ўқисангиз Бухорони кўраверасизлар, деган. Шу гапдан кейин минора чала қолган...

–Хайрият, ўша замонлардаям оқил одамларнинг сўзига қулоқ соладиганлар топилган экан.

Бу воқеа ибратли ривоятга менгзаб кетади.

Бир маҳаллар нашриётда фаолият юритганимда ками ўттиз минг, оммавий олтмиш минг, баъзан юз йигирма минг нусхаларда китоблар нашр этиларди, аҳоли сони ҳозиргидек эмасди, аммо ўша ўн минглаб, юз минглаб нусхалардаги китоблар улар учун кам эди, баъзан талабларга қараб яна қайта нашрини белгилардик. Ҳозир беш юз дона, минг дона, нари борса уч минг дона китоблар чоп этилади, аҳоли салкам икки бараварга ошган, аммо бармоқ билан санарли нусхалардаги шу китоблар ҳам улар учун кўп. Чамаси, ҳозир китобхонликнинг ўзидан кўра унинг таъмаси кучлидай. Бир куни қайсидир асарим ҳақида китобхонлардан бири жуда майдалаб сўраб қолди, қизиқиши баланд экан-да, деган ўйда унинг саволларига жавоб бериб бўлганимдан кейин айтган гапини эшитиб лол қолдим. “Энди бу босқичдан наригисига ўтиб олсам “Спарк” меники бўлади”, деди у. “Қанақа “Спарк”?”, ҳайрон бўлиб сўрадим. “Китобхонлик мусобақасида қатнашиб ғолибликни қўлга киритсам беришадиган “Спарк”да, - деди у менга кўп янгиликлардан хабарсиз оми одамга қарагандек қараб. – Мошин олиш имконим бўлмаганида Сизга савол бериб ўтирармидим?”.

–Ижтимоий тармоқлар ва тезкор форматлар (TikTok, Reels) даврида китоб келажаги ҳақида қандай фикрдасиз? 

–Бундай форматларга жойлаштириладиган китоб, албатта аввал қоғозда бўлиши, ижод қилиниши керак. Ҳатто ўша темир ҳам сиздан озуқа сўрайди. Масалан, бир ҳунарманд қўлда узоқ вақт мобайнида бирон зарур буюм ясайди ва тез орада ўша буюмга эҳтиёж кўпайиб кетади. Ишбилармонлар дарҳол ўша буюмнинг қолипини олиб цехга юборишади ва тоғ-тоғ қалаб ташлашади. Ўша қўл заҳмати бўлмаганида цех иши ҳам юрмасди. Шунинг учун ҳозир адабиёт ҳар қачонгидан кўра ҳам зарур. Китоблар тақдимоти бисёрлигига қарамай, бугунги адабиётимиз ночорлигини эътироф этмай иложимиз йўқ. 

Интернет, ижтимоий тармоқлар ҳақида сўз юритганингиз учун ўзим кузатган бир нарсани айтадиган бўлсам, бу борада ҳам бизнинг мақтангулик жиҳатимиз йўқ десаям бўлаверади. Масалан, истаган фан соҳасига, шу жумладан, адабиётшунослик ва тилшуносликка оид ўзбек тилида  бирор жиддий нарса изласангиз, уни интернетнинг кенг майдонидан топишингиз мушкул ёки чала ҳолда чиқади. Ахир уларни кимдир жойлаштирса чиқадими ёки ўзидан ўзи хаёлингиздаги нарсаларни олиб жойлаштираверадими? Ўзбекистон Фанлар академиясининг тизимидаги ўнлаб илмий-тадқиқот институтлари, жумладан, тилшунослик ва адабиётшуносликка оид илмий-тадқиқот институти ҳам бу муҳим ишни жиддий йўлга қўйса бўлмайдими? Йўқ деб айтолмаймиз, аммо бошқа тиллар билан, масалан рус тили билан солиштирганда жуда ғариб ва ночор.  Бир алломанинг раҳбарлигида бир йилда ўттиздан ортиқ илмий иш ёқланган эмиш. Бу қувонарли ҳодисами? Сон жиҳатдан, албатта. Аммо бунақа илмий ишларнинг ҳаётга, жамиятга  нафи, аҳамияти, мақсади борасида мулоҳаза юритадиган ўринлар кўп. Бугун ижтимоий тармоғу интернетни муҳокама қилиб ўтиргандан, уларнинг имкониятидан улуғ мақсадлар йўлида фойдаланиш зарурлиги масаласи кўндаланг турибди. Замон ўзгармоқда, аммо у бизнинг ўзига мос равишда ўзгаришимизни кутмайди. “Қаршимиздан чиқиб келаётган янги авлод бизни ахлатхонага итқитмасдан ўз вазифамизни адо этайлик”. (Футуризм яловбардори Филиппо Томмазо Маринетти ибораси).

– Бугун кино соҳасида ишлаяпсиз. Айнан ҳозир қайси сценарий устида ишлаяпсиз? 

–Кино адабий асарларни ўқувчига етказишнинг энг қулай йўли. Бунга мисоллар кўп. Чингиз Айтматов асарларининг кино варианти. Габриэль Гарсиа Маркеснинг “Ошкора қотиллик қиссаси” асосида ҳам яхши кино ишланган. Михаил Булгаковнинг “Уста ва Маргарита”, “Итюрак” асарлари ҳам кино бўлган. Ўзимизда Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён” асарлари киноси ҳам халқ орасида машҳур. Айниқса, Ғафур Ғуломнинг “Шум боласи”ни қайта-қайта кўрадиганлар кўп.

Ҳозир  “Тирик тарих” лойиҳасида кўп кинолар олиняпти. Бу лойиҳа давлатимиз раҳбарининг ғояси асосида экани янаям қулайлик яратади. Унинг доирасида мен ёзган “Шаҳобиддин Маржоний” деб номланган бадиий фильм адабий сценарийси кўп чиғириқлардан ўтиб, ишга тушди. Шаҳобиддин Маржоний буюк олим. Бу номга илк бор унинг издоши Ҳасан Ато Абушийнинг “Туркий қавмлар тарихи” деган китобини нашрга тайёрлаганимда дуч келгандим. Маржонийнинг, унинг отаси Бурҳониддиннинг Бухоро мадрасаларида таълим олгани уларнинг тақдири бизнинг замин, бизнинг юрт билан мустаҳкам боғланганини англатади. Шу маънода, ўзбек ва татар халқларини ҳам бошқа халқларда бўлгани каби илм-фан, маданият-маърифат бирлаштиргани бу фильмда ўз аксини топган. Уни ўзбек ва татар киноижодкорлари ҳамкорликда суратга олишмоқда. Мазкур лойиҳа доирасида яна “Помир тоғларидай юксак” деб аталган бадиий-публицистик фильм адабий сценарийсини ҳам ёздим.

Ўзбек ёзувчиси Абдулла Қодирий билан қозоқ адиби Мухтор Авезов замондош. Аммо Абдулла Қодирийнинг тақдири аянчли кечган. У ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида қатағон қурбони бўлади, номи қораланади, асарлари чоп этилмайди. Мухтор Авезов ўтган асрнинг ўрталарида унинг номини оқлашга киришади. 1953 йилда Москвадаги Ломоносов университетида ишлаётганида Мухтор Авезов ўзбек танқидчиси Иззат Султонга Абдулла Қодирийнинг  номини оқлаш кераклигини айтади.  Бунинг йўл-йўриқларини кўрсатади. Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи бош қаҳрамони Отабекнинг Шамайга саёҳати ҳақидаги ҳикоясини дастак қилиб олиш маслаҳатини беради. Кейинчалик академик Иззат Султон Мухтор Авезов ҳақидаги “Улкан адиб сабоқлари” деб номланган мақоласида шундай ёзади: “Абдулла Қодирийни оқлаш масаласини биринчи бўлиб Москвада Мухтор Авезов кўтарган эди. Бу сатрларнинг муаллифи билан суҳбатда Авезов бу ишни нимадан бошлаш ҳақида ҳам яхши маслаҳат берган эди: “Абдулла Қодирий “Ўткан кунлар” романида Россиянинг Шарққа нисбатан прогрессив роль ўйнаганини биринчи бўлиб кўрсатди: Отабекнинг Шамайга саёҳати ҳақидаги ҳикоясида бу фикр яхши ифода этилган.  Бу сўзлар айтилган маҳалда Россиянинг Шарққа нисбатан ижобий роли ҳар жиҳатдан бўрттириб кўрсатилар эди ва шу сабабли реабилитациянинг муваффақияти учун ишни Қодирийнинг хизматини намойиш этишдан бошлаш у вақтдаги мураккаб шароитда ишнинг муваффақиятини таъминловчи фактор бўлиб қолди”.

Шундан сўнг Абдулла Қодирий номи оқланишига ҳаракат бошланади. Мухтор Авезов бу вақтда Абдулла Қодирий ҳақида шундай ижобий фикрлар айтди: Ер юзи тарихида “геологик давр” деб аталадиган даврлар бўлади. Бундай маҳалда табиат тамом ўзгариб кетади. Масалан, бизнинг Ўрта Осиё ҳудудини бир замонлар денгиз эгаллаган. Денгиз кетгач, саҳро қолган, саҳрода янги табиат манзараси юзага келган, дарёлар оққан, дарахтлар кўкарган, обод қишлоқ ва шаҳарлар бунёд зтилган. Бундай манзаранинг аввалги денгиз манзарасига сира ўхшашлиги йўқ, албатта. Абдулла Қодирий ижоди Ўрта Осиё халқлари маданиятида мана шундай “геологик давр”, бу буюк талантдан сўнг адабиётларимизнинг қиёфаси ва воситалари тамом ўзгарди. Қодирийдан сўнг аввалгича ёзиш мумкин эмас. Абдулла Қодирий – Жулқунбой юксак романлар яратди. Унинг романлари йигирманчи йилларда гўё текис саҳрода тўсатдан Помир тоғлари вужудга келгандай пайдо бўлди. Қодирий асарларини Қурмонғози ёки Чайковский куйларини тинглагандай дам олиб, мириқиб, гашт қилиб ўқийсан киши... Унинг тили равон, ширали, мусиқий, менимча, ҳамма Ўрта Осиё халқларига ҳам таржимонсиз тушунарли”.

Бундай жасоратли фикр айтиш ўша маҳали фақат Мухтор Авезовнинг қўлидан келди. Шунинг учун фильм номи ҳам унинг сўзидан олинган. “Помир тоғларидай юксак”.

Заминимиз барқарорлиги учун қозиқ қилиб қоқилган Туркистон тизмаларининг ҳар бир чўққисига ёндош улуғ ижодкорлар чўққи каби юксалиб, тизмалар каби бир-бирига кифт тутиб турганини илғамоқ учун улар битган асарлардан баҳраманд бўлиш талаб этилади. Шунда мўъжиза юз бериб, ўзингизни Инсон сифатида қайтадан инкишоф эта бошлайсиз.

–Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.

Лира Шафиқ суҳбатлашди.

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳаётга суяниши лозим бўлган жамият ўзига таянч нуқтани адабиётдан топади