Бугун, 22 сентябрь куни футзал бўйича "Осиё кубоги-2026" саралаш баҳсларининг 2-тур ўйинлари бўлиб ўтади.
Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида ўтаётган “F” гуруҳи саралаш учрашувларида қатнашаётган Ўзбекистон футзал терма жамоаси 2-турда Шарқий Тимор жамоаси билан рўбарў келади.
Шунингдек, бугун мазкур гуруҳдан жой олган Қирғизистон – Фаластин терма жамоалари ўзаро ўйнайди.

Айтиш лозим, саралаш мусобақасининг 1-турида Қирғизистон Шарқий Тимор футзалчиларини 9:1 ҳисобида, Ўзбекистон терма жамоаси илк турда Фаластин вакилларини 7:1 ҳисобида мағлуб этган эди.
Хўш, мамлакатимиз футзалчиларининг бугунги рақиби қачондан халқаро мусобақаларда иштирок эта бошлаган? Энг юқори натижаси қандай?
Ушбу жамоа халқаро майдондаги биринчи учрашувини 2006 йил 9 октябрда Португалия терма жамоасига қарши ўтказиб, 0:56 ҳисобида имкониятни бой берган. Орадан тўрт кун ўтиб оролликлар Бразилияга қарши ўйинда 0:76 кўринишида мағлуб бўлган.
Шарқий тиморликлар ҳозирда жаҳон рейтингида 108-ўринда бормоқда. Икки йил муқаддам Брунейга қарши баҳсда жамоа тарихдаги энг йирик ғалабасини қўлга киритди – 8:0.
Жамоа ҳали жаҳон чемпионати ҳамда Осиё кубоги баҳсларида иштирок этмаган. Аммо, Шарқий Осиё мамлакатлари мусобақаларида мунтазам финал босқичида иштирок этиб келаётгани уларнинг ўсишидан далолат, дейиш мумкин.
Т.Рўзиев,
ЎзА