Қарор ва шарҳ
Деҳқон ундан-бундан орттириб, бир гектар ерга картошка экиб, саксон миллион сўм харажат қилади. Ер зўр, парваришда муаммо бўлиши мумкин эмас. Лекин йил охирида дўппини ёнга олиб ҳисоб-китоб қилса, натижа кўнгилдагидек эмас. Фойда тугул, сарфланган пул ҳам чиқмаган. Қишлоқ хўжалиги уруғчилигидаги муаммо мана шундай аламли бўлади.
Президентнинг 2025 йил 8 сентябрда қабул қилинган “Республикада картошка етиштиришни кўпайтириш ва уруғчилигини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ана шу каби масалаларга қатъий ва мантиқий ечим бўлади.
Ҳужжатда ҳар бир банд, унинг ижрочиси, вазифани бажариш тартиб ва муддатлари аниқ кўрсатилган. Қарор мазмунини оддий ва халқона тилда шарҳлашга ҳаракат қиламиз. Шарҳимизда “in-vitro лабораториялари”, “мини-туганаклар”, “вируссиз уруғ” тушунчаларини қисқача изоҳлаймиз.
Янги ҳужжатга кўра, келгуси йилдан бошлаб ҳар йили 10 миллион донадан кам бўлмаган сифатли мини-туганак етиштирилади. Лабораторияларда “in-vitro” усулида етиштириладиган мини-туганаклар турли вирус ва бактериялардан холи бўлади. Олимларнинг фикрича, ана шу уруғдан етиштирилган картошка ҳосили оддий уруғдан камида икки баробар юқори бўлади. Қарор доирасидаги таҳлиллар 2030 йилга бориб республикада картошканинг ўртача ҳосилдорлиги 16–17 тоннадан 25–30 тоннага кўтарилишини кўрсатади.
Бу натижага қандай эришилади? Энди уруғ тайёрлашда замонавий илмий усуллар қўлланади. Лабораторияларда вирусдан холи, тоза уруғ етиштирилади. Энг муҳими, ўша уруғдан ҳосил олиш натижаси олдиндан маълум бўлади. Бу дегани, деҳқон “қуролсиз жангга” кирмайди, балки сифатли уруғ билан ишга киришади.
Қарорда уруғ тайёрлаш ва тарқатишнинг аниқ тартиби белгилаб берилди. Илмий муассасалар ва тадбиркорлар етиштирган мини-туганаклар махсус корхона орқали кўпайтирилади, кейин эса фермерларга етказилади. Ҳаммаси рақамли тизимда ҳисобга олинади. Бу дегани – ҳар бир уруғнинг “ҳужжати” бўлади. Фермер қаердан, қайси авлод уруғини олаётганини аниқ билади.
Давлат ёрдами масаласи ҳам эътибордан четда қолмади. Ҳар йили маълум маблағ лаборатория харажатларини қоплаш учун ажратилади. Фермер эса имтиёзли кредит олади. Суғоришда ишлатиладиган электр харажатининг тегишли қисми давлат ҳисобидан қопланади. Қуёш панеллари учун қилинган сарфнинг ярми ҳам давлатдан қайтарилади. Бундай ёрдам деҳқоннинг юкини енгиллаштиради.
– Президентимизнинг янги қарори билан картошкани инновацион усулларда етиштириш, сифатли уруғларни импорт қилиш ва етиштириш бўйича бир қатор вазифалар белгилаб берилди, – дейди “Булунғур – Агро Стар” ихтисослашган компанияси директори Муроджон Бозорбоев. – Ўрганишларимиз натижасига кўра, томорқа ер эгалари, деҳқон ва фермер хўжаликлари сифатли картошка уруғи билан доимий таъминланишда муаммоларга дуч келган. Бу ҳолат картошка етиштиришга бўлган қизиқишнинг пасайишига сабаб бўлган. Ушбу қарорда картошка уруғчилигини янги босқичга олиб чиқиш кўзда тутилган. Ҳужжат билан бизнинг корхонага учта илмий-тадқиқот институти бириктириб берилди. Бу муассасалар йилига бир ярим миллион донагача картошканинг мини уруғларини етказиб беради. Мазкур уруғ яратилишига кетадиган вақт давомида картошка импорти масалаларини ечиш йўллари ҳам кўрсатиб берилди. Бугунги кунда Нидерландиянинг етакчи компаниялари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Келгуси йил эртаги ва кечки мавсумга олти минг тонна уруғ импорт қилиб, картошкачиликка ихтисослашган хўжаликларга етказиб берамиз. Юқори сифатдаги импорт уруғларни сақлаш бўйича агрокомплекс мажмуасини ташкил қиляпмиз. Бунинг таркибида уруғчилик селекцияси, омборхоналар ва томорқа мактаблари бўлади.
Самарқанд вилоятининг Булунғур туманида намунавий агрокомплекс қурилишида нималар назарда тутилган? Бу ерда картошка етиштиришдан тортиб, йиғиб олишгача бўлган жараёнлар автоматлаштирилади. Агар тажриба ўзини оқласа, кейинчалик бошқа ҳудудларда ҳам шундай замонавий тизимлар ташкил этилади.
Қарор техника масаласини ҳам четлаб ўтмади. 2030 йилгача фермерлар картошка етиштириш учун замонавий техникадан фойдаланишлари мумкин. Уларни олиб киришда божхона тўловлари ва солиқлар енгиллаштирилади. Бу иш унумдорлигини ошириб, сифатни кафолатлайди.
Энг катта янгиликлардан бири уруғчиликда назоратнинг кучайтирилишидир. 2026 йилдан бошлаб QR кодсиз уруғ экиш мумкин эмас. Бу ҳаракат сифатсиз ва сохта уруғлар тарқалишига чек қўйиш деганидир. Чунки фермер қўлидаги уруғнинг сифатли эканини давлатнинг ўзи кафолатлайди.
Қарорнинг тегишли бандларида назарда тутилган тадбирларни самарали ва ўз вақтида амалга ошириш учун хориждан малакали агроном ва технологларни жалб қилиш ҳам кўзда тутилган.
Шу ўринда бу йўналишдаги халқаро тажрибаларга ҳам эътибор қаратсак. Нидерландия дунёдаги энг йирик уруғлик картошка етказиб берувчи давлат ҳисобланади. У ерда илмий лабораториялар ва фермер хўжаликлари ўртасида тўлиқ занжир йўлга қўйилган. Натижада ҳосилдорлик жуда юқори бўлишига эришилган.
Ҳиндистонда эса давлат ва хусусий сектор ҳамкорлигида амалга оширилган “картошка инкубаторлари” лойиҳаси 10 йил ичида ҳосилдорликни икки баробар оширди. Ирландия ва Польшада вирусдан холи уруғ тайёрлаш орқали ички бозор тўйдирилиб, экспорт имкониятлари ҳам ошган.
Ўзбекистонда бу борада шундай йўл танланмоқда. Президент қарорида белгиланган вазифалар изчил бажарилса, келгусида кутилган натижаларга албатта эришамиз.
Қарорнинг моҳияти ҳам оддий – картошка етиштиришни тасодифий жараёндан чиқариш лозим. Бу йўналиш илмий асосга эга бўлиши керак. Зеро, сифатсиз уруғни ерга қадаётган деҳқон қулфни калитсиз очишга уринаётган кишига ўхшайди. Бир сўз билан айтганда деҳқонга сифатли уруғ бериш, унинг харажатларини камайтириш ва бозорни сифатли ҳосил билан таъминлаш муҳим масала.
<iframe width="791" height="445" src="https://www.youtube.com/embed/FwYUDeEWaM8" title="Qaror va sharh: kartoshka urug‘chiligida yangi davr boshlandi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Икром АВВАЛБОЕВ,
Анвархўжа АҲМЕДОВ (видео), ЎзА