Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида 2025 йил 8 октябрга белгиланган ҳукуматлараро маслаҳатлашувга тайёргарлик доирасида Германия Федератив Республикасининг Тошкентдаги элчихонаси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Томонлар кун тартибини муҳокама қилиб, жараёнга тегишли вазирлик ва идораларни фаол жалб этиш зарурлигини таъкидладилар. Шунингдек, соғлиқни сақлаш, таълим, шаҳарсозлик ва иқлим соҳаларидаги шериклик масалаларини кўриб чиқдилар. Жами 152 миллион евролик лойиҳаларни молиялаштириш бўйича битим имзолашга алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу ҳужжатда тегишли грант ажратилиши ҳам белгиланади.


Учрашув иштирокчилари барқарор ривожланиш, замонавий технологияни жорий этиш ва сармоявий ҳамкорлик кўламини кенгайтиришга қаратилган янги ташаббуслар аҳамиятини ҳам қайд этдилар. Бўлажак маслаҳатлашув стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва қўшма лойиҳалар амалга ошириш йўлидаги муҳим қадам бўлиши кутиляпти.
М.Пирматова, ЎзА