18 сентябрь куни Тошкентдаги Халқаро бизнес марказида Хитой–Ўзбекистон хусусий фан ва техника саноатчилари уюшмасининг йиғилиши бўлиб ўтди. “International Business Daily” газетаси, «Yilu Culture» ташкилоти ҳамкорлигида ўтказилган мазкур тадбирда икки давлат иқтисодиёт, савдо, фан-техника ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликнинг янги йўналишлари муҳокама қилинди.
Хитойлик раҳбарлар уюшманинг ривожланиш режалари, корхоналарнинг техник устунликлари ва Ўзбекистон билан ҳамкорлик шартлари ҳақида маълумот бердилар. Шунингдек, хусусий фан-техника корхоналарини глобаллашув жараёнида ресурсларни бирлаштириш имкониятлари қайд этилди.
[gallery-25385]
Шу билан биргаликда, инфратузилма, энергетика ҳамда илмий-тадқиқот ва ишланмалар соҳаларида чуқур ҳамкорлик ўрнатишга умид билдирилди.
Ўзбекистон давлат идоралари вакиллари мамлакатнинг ҳозирги иқтисодий сиёсати, инвестициявий ҳамкорлик тенденциялари ва турли тармоқларни ривожлантириш режаларига алоҳида эътибор қаратдилар. Хитойлик корхоналар Ўзбекистонга инвестиция киритиш учун аниқ йўл-йўриқлар олдилар. Шу билан бирга, энергетика, қурилиш материаллари, логистика, тўқимачилик саноати ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик имкониятлари билан ўртоқлашилди.
Ўзбек ишбилармон доиралари вакиллари икки мамлакатдаги инвестиция муҳити, икки томонлама савдо имкониятлари ва қулай шарт-шароитларни таҳлил қилиб, трансчегаравий инвестициялар учун амалий тавсияларни тақдим этдилар.
Таълим соҳаси вакиллари эса академик ҳамкорлик ва кадрлар тайёрлаш масалаларида Тошкент давлат Шарқшунослик университетида ўтган учрашувда муҳокамалар олиб боришди. Унда халқаро тажриба ва фан-таълим йўналишларидаги ҳамкорлик имкониятлари кўриб чиқилди.
Шу тариқа Хитой билан академик алмашинув ва кадрлар тайёрлаш йўналишида узоқ муддатли ҳамкорликка пойдевор қўйилди.
Йиғилиш Хитой ва Ўзбекистон корхоналари ҳамда муассасалари учун самарали мулоқот ва ҳамкорлик платформаси сифатида хизмат қилди.
Барча иштирокчилар қатнашган кенгайтирилган муҳокамада ҳамкорлик бўйича умумий келишув мустаҳкамланиб, икки давлат ўртасидаги иқтисодий, савдо ва илмий-техникавий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва кенгайтиришга янги туртки бўлди.
М. Эшмирзаева, ЎзА