Фарғона вилоятининг Риштон туманида ҳунармандлар орзиқиб кутган дамлар етиб келди. Бугун бу ерда Халқаро кулоллар форуми ташкил этилди. Унинг ишида 26 та давлатдан келган юздан зиёд кулоллар иштирок этишмоқда.
Дастлаб Жаҳон ҳунармандлар кенгаши президенти Саад ал Каддуми вилоят ҳокими ҳамроҳлигида ҳунармандчилик ашёлари қўйилган павилонлар билан танишдилар, турли мамлакатлар ҳунармандлари билан суҳбатлашди.
Сўнгра Форумнинг расмий очилиши бўлиб ўтди. Унда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозаров сўзга чиқиб, жаҳон ҳунармандлар кенгашига миннатдорчилик изҳор этди. Зеро бугунгача Қўқон, Марғилон шаҳарлари жаҳон ҳунармандлар шаҳри деб эътироф этилган эди. Энди улар қаторига Риштон қўшилди.
Жаҳон ҳунармандлар кенгаши президенти Саад ал Каддумий Риштонни ҳунармандлар шаҳри деб эълон қилди ва бу ҳақидаги тегишли ҳужжатни топширди.
Риштоннинг қизил тупроғи олтинга тенг, - деди Саад ал Каддуми. – бу эътироф йўлнинг охири эмас, аксинча, бошланишидир.
Бугун риштон Халқаро кулоллар марказида алвон тасма кесилиб “Анъанавий кулолчилик музейи ” очилди. Унга Риштонда фаолият кўрсатаётган устоз кулолларнинг асарларидан намуналар қўйилган эди.
Шу ерда “Ўзбекистон бадиий кулолчилиги” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Мазкур китобда юртимиз кулолчилик мактабларининг асрлар давомида шаклланган анъаналари, ўзига хос услублари ва ҳунармандларнинг бадиий мероси хақида батафсил маълумотлар жамланган.
Шунингдек ”Анъанавий кулолчиликни сақлаш ва ривожлантириш: муаммо ва ечимлар” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди. Анжуманда Польша, Покистон, Ҳиндистон, Туркия ва Ўзбекистондан 17 нафар мутахассис иштирок этмоқда. Конференция доирасида кулолчиликнинг тарихий ва бадиий аҳамияти, музейларда сақланаётган намуналарни асраб-авайлаш, замонавий дизайн билан уйғунлаштириш масалалари мухокама этилди. Шунингдек, соҳадаги илмий ҳамкорлик, тажриба алмашиш ва туризм салоҳиятини ошириш йўлларини ҳам кўриб чиқилди.
- Бундай кулолчилик дунёда йўқ. Чунки у мовий керамика. Ишқордан бажарилади. Экологик тозаликка тўлиқ жавоб беради, - дейди Ўзбекистон Фанлар Академиясининг академиги Акбар Хакимов. – Иккинчидан, бу усталарнинг махорати билан боғлиқ. Мавзулар, композицион услуб, шаклга, мавзуга бой. Бунақаси нафақат Марказий Осиё, дунёда йўқ.
Форум иштирокчилари анъанавий ва замонавий кулолчилик санъати билан танишиб, тажриба алмашди, хамкорлик алоқаларини мустаҳкамлади ва янги ижодий лойиҳаларни ишлаб чиқдилар. Форум доирасида кўргазмалар, мастер-класслар ва тематик мулоқотлар орқали миллий ҳунармандчилик анъаналарини асраб-авайлаш ва уларни замонавий санъат ва бизнес муҳитига интеграция қилишга эътибор қаратилган.
- Баҳрайн кичик бир оролда жойлашган. Лекин ҳунармандчилик, айниқса кулолчилик ривожланган. Мамлакатимизда тўрт минг кулол бор. Биз асосан археологик топилмалар натижаларини қайта тиклашга, бундан 2-3 минг йил аввал ясалган сопол идиш, жиҳозларни қайта ишлаб чиқаряпмиз. Форумга ана шундай тарихан қадимий аммо шу замон сополини олиб келдим, - дейди Баҳрайнлик уста Абдулнаби Абдурахим Носир ал Али.
[gallery-25387]
Форум доирасида маҳаллий ва хорижий кулоллар маҳсулотлари кўргазма-савдоси ташкил этилди. Кўргазмада Риштон кулолларининг минг йиллик тарихга эга анъанавий асарлари ҳамда замонавий ижодкорларнинг янги намуналари намойиш этилса, хорижий усталарнинг коллекциялари орқали кулолчиликнинг турли мактаблари тақдим этилди. Шу билан бирга, халқ сайллари уюштирилди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/W-gDWnBpgo8?si=l8nH739nz1V8HrRo" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Мухаммаджон Обидов, Элёр Олимов (сурат, видео), ЎзА