Ислом тараққиёт банки президенти Муҳаммад бин Сулаймон ал-Жассир мамлакатимизга ташрифи доирасида таълим соҳасини мустаҳкамлашга қаратилган Мактабгача таълим ташкилотлари директор ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти фаолияти билан танишди.
Ушбу тадбир мактабгача таълим муассасалари педагогларининг касбий ривожланишида туб ўзгаришларга олиб келадиган инновацияларни намойиш этиш мақсадида ташкил этилди.
“Ўзбекистон Республикасида сифатли мактабгача таълимдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш” лойиҳаси ИТБ томодан қўллаб-қувватланаётгани алоҳида таъкидланди. Мазкур лойиҳа доирасида 2,3 миллион доллар миқдорида маблағ йўналтирилиб, вазирлик ва ЮНИCЕФ ҳамкорлигида 11 та вилоятда маҳорат марказлари такомиллашяпти. Тошкент шаҳрида сунъий интеллектга асосланган биринчи мультимедиа студияси ишга туширилиб, педагогик кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича янги дастурлар ишлаб чиқилаётгани юқори баҳоланди.
– Ўзбекистон ўз ёшларига сармоя киритиб, доимий фаровонлик сари йўл очмоқда, – деди Муҳаммад бин Сулаймон ал-Жассир. – Биз замонавий воситалар ўқитувчилар салоҳиятини очиб бераётганини ва инновацион ўқув дастури болаларнинг таълим олиш жараёнини тубдан ўзгартираётганини кўряпмиз. Ислом тараққиёт банки ушбу йўлда ҳамкор бўлишдан фахрланиб, юртингизда барқарор ривожланиш ва илғор таълим ислоҳотларини амалга оширишга содиқлиқлигини яна бир бор тасдиқлайди.
Мактабгача таълимдаги лойиҳадан ташқари, Ўзбекистон таълим соҳасидаги энг йирик инвестиция – умумий қиймати 220 миллион долларни ташкил этувчи SmartEd лойиҳаси ҳам амалга оширилмоқда.
Мазкур ташаббус доирасида республикада таълим ислоҳотини қўллаб-қувватлаш, жумладан, инклюзив таълим моделларини синовдан ўтказиш, миллий ўқув дастури ва баҳолаш тизимини янгилаш, сифатни назорат қилиш механизмларини кучайтиришни қўллаб-қувватлаш учун Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда ЮНИСЕФ умумий қиймати 19,2 миллион доллар миқдоридаги битим имзолади.
– ИТБнинг Ўзбекистон таълим соҳасига киритаётган инвестицияси ҳам ўз вақтида, ҳам стратегик жиҳатдан муҳим. Ҳукуматнинг инсон капиталини ривожлантириш мақсадига тўлиқ уйғун келади, – деди ЮНИСЕФнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Реҳина Кастижио. – Кичик ёшдаги болаларга таълим беришнинг самараси жуда катта Бундан ташқари, ўқув дастурларини ислоҳ қилишга эътибор қаратиш долзарб ва барқарор таълим тизимини яратишга асос бўлади.
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ,
ЎзА